Тошкентда тўйи учун 76 млн сўм қарз олган йигит банкоматларни ўмарди

179

Тошкент шаҳар Сергели туманида 2020 йил 27 ноябрь куни номаълум шахс банкоматлардан бирига ўғриликка тушиб, унинг ичида бўлган 87 миллион сўм пулни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда «Zamon.uz» маълум қилди.

Маълум қилинишича, яқинда тўйи бўлган йигит Қўйлиқ-5 даҳасига ўрнатилган банкоматни очиш учун қора ниқоб тақиб, ҳеч қандай из қолдирмай, аппарат ичида бўлган 87 миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган. Орадан 1 ой ўтиб йигит Миробод ва Яккасарой туманларидаги банкоматлардан бирига ўғирликка тушган.

Навбатдаги банкоматни тунаш мақсадида у 16 январь куни Қушбеги кўчасига келади. У ерда жойлашган аппаратни болгарка ёрдамида очишни бошлайди. Банкоматга яқин жойда жойлашган нон цехи ишчиларидан бири ярим тундаги баланд овозни эшитиб келади ва иш жойига қайтиб, ИИБга қўнғироқ қилади.

Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, Яккасарой тумани Қушбеги мавзесида жойлашган банкоматларнинг бирида номаълум шахс томонидан ўғирлик жинояти содир этилгани тўғрисида хабар келиб тушган. Суриштирувлар натижасида бу жиноятни 27 ёшли фуқаро содир этгани аниқланиб, у ушланган. Суриштирув ҳаракатлари давомида ҳар учала жиноятни содир этган шахс ушбу йигит эканлиги маълум бўлган.

«2020 йил 12 декабрь куни уйланиш мақсадида тўйдан олдин 76 миллион сўм қарз олгандим. Ўша пулни йиғиб беролмаганимдан кейин бошқа иложини тополмасдан, банкоматга ўғриликка тушдим», — дейди жиноятни содир этган шахс.

Ҳозирда ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми а банди (жуда кўп миқдорда моддий зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Аввалроқ Жиззахда банкоматдаги пулларни ўғирламоқчи бўлган йигит қўлга олингани, Тошкентда икки ҳафта ичида 7 та тўлов инфокиоски ўғирлаб кетилгани ҳамда Ўзбекистонда банкоматлар сони 10 мингтадан ошгани ҳақида хабар берилганди.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA