Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирлари шу кунларда Фарғона вилоятида ўтмоқда.
Тадбирлар дастлабки куни Фарғона, Марғилон ва Қувасой шаҳарларидаги 149 та маҳалла ва 6 та қишлоқ фуқаролар йиғинларида ўтказилди.
“Гўзал ва бетакроримсан муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда 70 нафардан зиёд таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирок этмоқда.
Давра суҳбатларда Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва маданият ходимлари, Ўзбекистон халқ шоир ва ёзувчилари ўқувчи ва талаба ёшларга юртимиздаги истиқлолга қадар бўлган давр ва мустақилликдан сўнг амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқ фаровонлиги йўлида яратилаётган шароитлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида таъсирчан руҳда, ўзлари гувоҳ бўлган воқеалар асосида маъруза қилдилар.
Тадбир шу ҳафтанинг охирига қадар Фарғона вилоятида давом этади.