Ucell телекоммуникация оператори шу кунларда Саудия Арабистонига зиёратга боришга тайёрланаётган фуқаролар учун янгилик тайёрлади.

Макка зиёрати олдидан қулай роуминг хизматини таклиф этиш компанияда яхши анъанага айланган. Жорий йилда муқаддас Ҳаж сафарига Ўзбекистоннинг 5 мингдан зиёд фуқароси боради. Уларнинг ҳар бири узоқ сафар чоғида яқинлари билан телефон орқали мулоқотда бўлади. Ucellнинг махсус роуминг таклифи зиёратчиларга кўпроқ гаплашиш, интернет орқали хат ёзиш, SMS-хабарлар юбориш имконини беради.

Роуминг ва интерконнект бўлими раҳбари Акрам Расуловнинг сўзларига кўра, Саудия Арабистонидаги етакчи уяли алоқа операторларидан бири Zain тармоғида рўйхатдан ўтишда бир дақиқа кирувчи ва чиқувчи қўнғироқ ва 1 МБ интернет нархи $1.30, бир SMS 13 центни ташкил қилади. Бу 6 баробар арзондир. Мазкур роуминг хизмати зиёратчиларга яқинлари билан мулоқотда бўлиш ва муқаддас Ҳаж амалини хотиржам адо этиш имконини беради.

Ucell компанияси вакиллари Саудия Арабистонига кетаётган гуруҳлар раҳбарлари билан учрашиб, зиёратчилар учун роуминг афзалликлари ҳақида батафсил сўзлаб берди. Махсус таклиф шу йилнинг 1 декабрига қадар амалда бўлади.