Риёга йўғрилган ифторлик: дабдаба кимга керак?

0
231

Мамлакатимизда муборак Рамазон ойи давом этмоқда. Имон-эътиқоди мустаҳкам ҳар бир юртдошимиз тилу дилида шукроналик билан ушбу табаррук ойнинг савоби самарасидан баҳраманд бўлишга бел боғлаган. 

Ўзини мусулмонман деган киши борки, инсонпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби олижаноб туйғуларга асосланган ислом дини мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан хабар олишга, эҳтиёжмандларга мурувват қўлини чўзишга, бир-бирига ўзаро меҳр-оқибат кўрсатишга ошиқмоқда.

– Бу муборак ойда Қуръони карим нозил қилинган, – дейди Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир Рўзиев. – Ҳадису шарифда: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур…” дейилган. Бунинг маъноси шуки, осмоннинг очиқ эшикларидан Аллоҳнинг раҳмати, хайр-барака ёғилади, раҳмат фаришталари тушади. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амаллари савоби ўн, юз, минг баравар кўпаяди, тавбалар қабул бўлиб, гуноҳлар кечирилади. Бу ойда шукрона айтганлар, қаноат қилганлар, бошқаларни ҳам шукр қилишга чақирганлар катта савобга қолади. Бу ой рўза тутиш билан бир қаторда, бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойи ҳамдир. Имом Термизийнинг ривоят қилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) одамларни бу ойда меҳр-мурувват кўрсатишга чорлаб: “Эҳсонларнинг афзали Рамазон ойида қилинганидир”, дея марҳамат этганлар.

Астойдил, холис савоб учун қилинган бағрикенглик, саховатпешалик чиндан-да эътирофга лойиқ. Атрофдагиларга кўз-кўзлаш, ўзини кўрсатиш, шунинг кетидан қандайдир манфаатга эришиш мақсадида саховат кўрсатиш эса кибр ва манманлик белгисидир. Афсуски, моҳи Рамазонда амалга оширилаётган айрим тадбирларда ана шу иллат кўриниб қолаётир.

Ўнг қўл берганини чап қўл билмасин…

Халқимизнинг бу ҳикмати бежиз айтилмаган. Зотан, хайр-саховатни амалга ошириб, буни дунёга достон қилиш миннатга киради. Миннат қилинган яхшилик эса савобдан бебаҳрадир. Куни кеча давлат идораларининг бирида матбуот котиби бўлиб ишловчи ҳамкасбимиз қўнғироқ қилиб қолди.

Айтишича, у ишлаётган идора раҳбари Рамазон ойи муносабати билан камхарж оилаларнинг фарзандларига кийим-кечак ва ўқув қуроллари совға қилиш ниятида экан. Ҳамкасбимиз ана шу инъомларни эгаларига топшириш жараёни ҳақида репортаж тайёрлаб, ОАВда ёритишимизни илтимос қилди. Раҳбарнинг савобга интилгани яхши, албатта. Аммо унинг мурувватини оламга ёйиши шартми? Бу билан, балки ўша саховатпеша бошлиқ обрў орттирар, аммо эҳтиёжманд оила фарзандлари тенгдошлари олдида ота-онасининг “қўли калта”лигидан уялмайдими?

Таъкидлаганимиздек, садақанинг савоби улуғ. Садақа — радди бало, деганларидек, бу дунёда қилинган мурувват у дунёда эгасининг бошига соябон бўлар экан. Демак, бу улуғ савобни фақат Аллоҳ йўлида қилиш керак ва мукофотини ҳам Яратган беради. Афсуски, орамизда Рамазон ойида саховат тадбирини амалга ошириб, бунинг эвазига ўзидан юқори турувчи раҳбарлар назарига тушишни, мансаб пиллапоясидан кўтарилишни кўзлаганлар ҳам йўқ эмас.

Ифторликда исрофга йўл қўйманг

Салмон Форсий (р.а.) ривоят қилишларича, Рамазон ойида кимки бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилар экан ва ўзига ҳам рўзадорники билан тенг савоб ёзилар экан. Бу ривоятдан бохабар юртдошларимиз муборак ойда имкон қадар рўзадорларга ифторлик беришга ҳаракат қилади.

Таассуфки, ифторлик беришда ҳам кимўзарга тушмоқдамиз. Аслида кун давомида емай-ичмай юрган одам кун ботганида енгил овқатланиши мақсадга мувофиқ бўлиб, бу унинг саломатлиги учун жуда муҳим. Аммо ифторликдаги “очил дастурхон”лар бунинг аксига хизмат қилмаяптими? Қарангки, бугун тадбирни уйида эмас, ресторанларда ўтказиш ҳам тобора урф бўлаётир. Ота-боболаримизнинг айтишича, Қуръон ўқилган хонадонга нур ёғилиб, барака кирар экан. Наҳотки, ифторлик дастурхонини уйида эмас, ресторанда ёзаётганлар шу тадбирда ўқиладиган ояту суралар нури ўз хонадонларига тушишини истамайдилар?! Ёки манманлик ва кибр бу истакдан устунроқми? 

Ифторлик дастурхони қаерда ёзилишидан қатъи назар, у исроф майдонига айланмаслиги керак. Зотан, ҳадисларда “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса, бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди” дейилган. Қаранг-ки, бугун маҳаллаларда ўтаётган қатор ифторликларда рўзадорлар билан бирга, кўплаб қайсидир сабаб билан бу фарзни адо этмаётганлар ҳам чақирилган ҳолда, меҳмонларга икки-учталаб таомлар тортилмоқда, дастурхонларда эса қуш сутидан бўлак ноз-неъматлар сероб. Ачинарлиси, бу неъматлар тановул қилинмай, исроф бўляпти.

Ифторлик тўп-тўп одам чақириб, зиёфат бериш эмас, аслида муҳтож, эҳтиёжманд инсонларга бозорлик қилиб бериш, даволанишга имконияти йўқ беморларга дори-дармон улашиш, эҳтиёжлари учун уларнинг қўлига озми-кўпми, маблағ бериш ҳам, энг аъло ифторликдир.

Ҳар қандай мурувватни яқинларингдан бошла

— Назира, опангиз Нафиса кўринмайдилар, соғликлари яхшими?

— Э, бети қурсин у “иссиқ-совуқ”чининг, келинимнинг ундай опаси йўқ, кечганмиз ундай қариндошдан…

Мезбон қайнона ифторликка келган аёллардан бирининг саволига келинидан аввал жавоб қайтарар экан, ғийбат халтасини очиб юборди. У Нафисани синглисининг бахтини кўролмасликда айблар экан, ора-сира келинига қараб қўяр, келини тушмагур ҳам бу гапларни тасдиқлаб, бош силкирди. Хуллас, ифторлик дастурхони устида ғийбат авж олди, бир банданинг номи асоссиз равишда балчиққа беланди.

Хўш, ифторлик вақтида “оғзини очган” рўзадорга таомланиш билан бирга, ҳамма нарса — ғийбат қилиш, бировга туҳмат тошини отиш мумкинми? Қон-қариндош чақирилмай қилинган ифторлик савоб олиб келармикан? Рамазон мағфират, гуноҳлар кечириладиган ой, бу даврда Аллоҳ бандаларига марҳамат кўрсатсаю бандалари бир-бирини кечириш ўрнига ўз туғишганини, қуда-анда, қариндош-уруғини кўпнинг олдида ёмонотлиқ қилса?! Минг афсуслар бўлсинки, қўй сўйиб, қозон-қозон ош дамлаб, ифторлик маъракасига туғишганини чақирмайдиганлар ҳам бор. Баъзи ифторликларда ғийбат бозори авж олиши ҳам учраб туради.

Ислом таълимотида “силаи раҳм” деган тушунча мавжуд бўлиб, Рамазон ойида бунга амал қилмаслик савоблар йўлини тўсишга сабаб бўлиши шубҳасиз. Чунки аҳиллик ва тотувликни тарғиб қилувчи динимизга кўра, ҳар қандай мурувватни, аввало, ўз яқинимиздан бошлашимиз лозим. Қолаверса, муборак ҳадисларда: “Қайси бир рўзадор одам ёлғон гапириш ва унга амал қилиш каби гуноҳларни тарк этмаса, ундай кишининг фақат еб-ичишнигина тарк этиб юришига Аллоҳ муҳтож эмас” дейилган.

Хулоса

Ҳадису шарифда Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлиш, дея таърифланган. Демак, бу табаррук ойнинг моҳияти қимматини англаб, ўтказилаётган тадбирларимизда, аввало, Яратган розилигини мақсад қилсаккина, муродга етишган бўламиз. Юрт тинчлиги ва эл фаровонлиги учун шукрона айтиб, бир-биримизга фақат ва фақат яхшиликни илинсак, эзгу амаллар йўлида саъй-ҳаракат қилсаккина, ҳар бир куни йилларга тенг бебаҳо ойнинг савобига эришишимиз мумкин. 

Холбиби САФАРОВА.

Манба: “Maҳалла” газетаси

ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here