Прописка чекловларини бекор қилиш муддати ўтиб кетди, аммо бу масъулларнинг «эсидан чиқди»

0
19,000

Ўзбекистонда ҳамон паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловлар бартараф қилинмади;

Ўзбекистонда ҳамон вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик қўллаш давом этмоқда;

Ўзбекистонда ҳамон меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлиги йўқолмади;

Ўзбекистонда ҳамон мавсумий ишларга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизими ўзгармади, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талаби амалда;

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар учун кўчмас мулк сотиб олиш бўйича амалдаги талаблар соддалаштирилмаган;

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилинмаган;

Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш мақсадида вақтинча пропискасиз (яшаш жойи бўйича ҳисобга турмасдан) бўлиш муддатини узайтирилмади, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик учун маъмурий жазо чоралари, яшашга йўл қўйганлик учун жавобгарлик бекор қилинмади.

Ҳолбуки, 2018 йилнинг 22 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони имзоланган, давлат дастурининг 56-бандига кўра, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, юқорида келтирилган чекловларни бекор қилиш назарда тутилганди.

Белгиланган лойиҳаларга ижро учун масъуллар — Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 20 март кунигача муддат берилганди. Ишчи гуруҳ эса ишлашда давом этмоқда. Бугун эса 25 март. Бироқ ижродан дарак йўқ. Масъуллар шу муддатгача бажариш лозим бўлган ишларни кечиктиришмоқда.

Натижада ҳануз паспорт олишда чекловлар кузатилмоқда, ҳануз вақтинчалик рўйхатдан ўтмаган вилоятлик мутахассисга иш берган иш берувчига 1.722.400 сўмдан 2.583.600 сўмгача бўлган миқдорда жарима солинмоқда, тадбиркорлик қилиш учун ҳам прописка сўралмоқда.

Ваҳоланки, айнан прокуратура органлари ходимлари билан бўлган учрашувда президент «иккита ишчи ўрнини яратган тадбиркорни бошимда кўтаришга тайёрман» деган эди.

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловлар амалда, Тошкентга меҳмон бўлиб, бир ҳафта пропискасиз яшаган фуқаро жарима ҳам тўлаб кетади, камига уни ўз уйига қўйган мезбон ҳам қимматга тушади, бу чуқур ўйланмай қилинган сиёсат ички туризм ривожланишига ҳам тўсиқ бўлиб келмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мутасадди ташкилотлар давлат дастурининг ижросини ўз вақтида таъминламас экан, Ҳаракатлар стратегиясининг бу йилги ижроси кечиккандан кечикиб боради. Оддий халқ эса сарсон-саргардонликда ҳаётини давом эттиради. Умид сўниб борди. Ишонч камаяди. Бундан кимга фойдаю кимга зарар?!

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA