Туркия ва Франция бугунги кунда Ўрта Ер денгизи шарқи ва Ливия масаласи бўйича келишмовчиликларда яшамоқда. Мазкур келишмовчиликлар ҳақида фикр юритиш учун эса икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг тарихий илдизига эътибор қаратиш даркор.

Масаланинг орқа фонида нима турибди?

Франция президенти Эммануэль Макрон сўнгги кунларда Туркияга қарши чиқишларини кучайтирмоқда. Бироқ бу кескинлик узоқ йиллар давомида мунтазам равишда давом этиб келган, деб айтиш мумкин. Гарчи сўнгги пайтларда Шарқий Ўрта ер денгизи ва Ливия масалалари бўйича келишмовчиликлар юзага келаётган бўлса-да, Франциянинг халқаро муносабатларда ва айниқса, Европа Иттифоқида етакчи давлатга айланиш истаги масаланинг орқа фонида ётибди.

Бошланғич нуқта – Арманистон муаммоси

Икки давлат ўртасидаги зиддиятнинг бошланғич нуқтаси – Арманистон муаммосидир. 1980-йилларда Арманистонни озод қилиш арман махфий армияси (ASALA) томонидан туркиялик дипломатларнинг нишонга олиниши ва ушбу ташкилотнинг мамлакатдаги террористик ҳаракатларига Франция томонидан кўз юмилиши Париж ва Анқара ўртасида зиддият келтириб чиқарди.

Ушбу ҳужумлар натижасида кўплаб турк дипломатлари ҳалок бўлган. 2000-йиллар бошидан эътиборан «Арман геноциди» мавжуд эканини айтган Франция ҳукумати келишмовчиликларнинг янада чигаллашишига сабаб бўлди. Тахминан 700 минг армани яшайдиган Франция 2019 йил 24 апрелни «Арман геноцидини хотирлаш куни» сифатида қабул қилди.

Франция ҳукуматининг курдлар муаммосига муносабати

Тарихий жиҳатдан икки давлат ўртасидаги яна бир тортишув мавзуси курдлар масаласидир. Франция Турк Курдистон ишчилар партиясига (Туркиянинг шарқий ва жануби-шарқий қисми, Ироқнинг шимоли, Суриянинг шимоли-шарқи ва Эроннинг шимоли-ғарбий қисмини қамраб оладиган давлат ташкил этишни мақсад қилган айирмачиларнинг қуролли ташкилоти – таҳр.) ўз мамлакатида фаолият юритишга рухсат бергани сабабли алоқалар янада ёмонлашди.

Курдлар муаммосининг кескинлик сифатида пайдо бўлиш жараёни Франциянинг собиқ президенти Франсуа Миттеран (1981-1995) даврида курдлар ҳаракати очиқ қўллаб-қувватланишидан бошланганди.

Бугунги кунда ҳам Франция ушбу ташкилот тармоқлари бўлмиш PYD (Демократик иттифоқ партияси – 2003 йилда курдлар томонидан Суриянинг шимолида ташкил этилган сиёсий партия – таҳр.) ва YPG (Халқ мудофааси бўлинмалари – Сурияда ташкил этилган ва фаолият юритаётган Курдлар Олий қўмитасига алоқадор қуролли ташкилот – таҳр.) аъзолари билан учрашувлар ўтказмоқда ва бу ҳолат ҳам икки мамлакат ўртасидаги яна бир муаммо сифатида алоҳида ажралиб турибди. Бундан ташқари, Франция Туркиядаги курдлар масаласи билан шуғулланиш баробарида Ироқ ёки Эрондаги курдлар жамоатига нисбатан ҳам сиёсат юритиб келмоқда.

Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолик масаласи

Туркия Франция билан Европа Иттифоқига аъзолик масаласида ҳам муаммоларга дуч келган. 1995-2007 йилларда Францияга президентлик қилган Жак Ширак гарчи Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича музокаралар бошланишини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, 1959 йилдан 2007 йилга қадар раҳбарлик қилган француз президентлари орасида Туркияга ташриф буюрмаган ягона президент сифатида тарихга кирди. У 2006 йилда Арманистонга қилган расмий ташрифи чоғида Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун арман геноцидини тан олиши кераклигини айтади. Шунингдек, 2004 йил октябрь ойида Туркиянинг Европа Иттифоқига эҳтимолий аъзолиги учун Францияда бир референдум ўтказишни таклиф қилади.

Шарль де Голль ҳам 1963 ва 1967 йилларда Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги АҚШнинг «троян оти» сифатида қабул қилинаётгани туфайли Франция томонидан рад этилгани каби 2007 йил Франция президенти этиб сайланган Николя Саркози томонидан Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги хусусида нотўғри фикрлар билдирилиши ҳам дард устига чипқон бўлди. Саркози ўшанда Туркияни Епропадаги эмас, Осиёдаги кичик давлат сифатида кўрганди.

Франция халқаро муносабатларда етакчи давлат бўлишни истайди

Франция президенти Макроннинг Туркияга қарши сиёсати замирида гарчи Арманистон ва Курд масаласи турган бўлса-да, эндиликда ушбу икки мавзуга янги сарлавҳалар қўшилди.

2017 йилда иш бошлаганидан буён Франция халқаро муносабатларда «плеймейкерлик» позициясига эга бўлишини мақсад қилган Макрон Европа Иттифоқи таркибидаги ҳукмрон давлат ва минтақавий масалаларда сиёсатни белгилаб берувчи мамлакатга айланишни ҳам кўзламоқда.

Макрон, бундан ташқари, 2018 йил ноябрь ойида Европа Иттифоқи армиясини ташкил этишни таклиф қилди ва маълум маънода НАТОдан воз кечиб, Франция фаол куч сифатида ўрин олувчи халқаро армияни ташкил этишни талаб қилди. 2019 йил ноябрь ойида эса «НАТО мия фалажига дучор бўлгани»ни айтиб, унинг иттифоқчилари ўртасида мувофиқлаштириш йўқлигини таъкидлади. Албатта, буни ҳам Макроннинг халқаро муносабатларда етакчи давлатга айланиш истаги билан боғлиқ ҳолда баҳолаш мумкин.

Макрон Германия канцлери Ангела Меркелнинг 2021 йилда ўз лавозимини тарк этиши ва Германияда унга муқобил етакчининг йўқлиги халқаро майдонда куч бўшлиғини юзага келтиришига ишонмоқда ва бу бўшлиқдан фойдаланиб, Францияни Европа Иттифоқининг етакчи ва ҳукмрон мамлакатига айлантиришни мақсад қилмоқда. У Меркель етакчи мавқега эга бўлган Европа Иттифоқида янги даврда бу ролни ўз зиммасига олишни истамоқда ва шунинг учун ҳам фаол сиёсат юритиш орқали Европа Иттифоқи манфаатлари ҳақида қайғуришини кўрсатишга уринмоқда.

Мамлакатнинг етакчи мавқега эга бўлиши учун эса у ўз таъсир доирасидаги воқеаларда ҳал қилувчи кучга айланиши лозим. Айни пайтда Франция ва Туркиянинг манфаатлари бир-бирига зид. Шарқий Ўрта ер денгизи масаласидаги зиддиятнинг асл сабаби ҳам шундан келиб чиқмоқда.

Европа Иттифоқида етакчи бўлишни кўзлаган Франция иттифоқ аъзоси Кипр ва Грециянинг ёнида туриб, Туркиянинг Ўрта Ер денгизидаги хатти-ҳаракатларига қаршилик кўрсатмоқда. Макрон бу ҳол Европа Иттифоқи манфаатларига ҳам таъсир қилишини билдириш баробарида Туркияга нисбатан санкциялар қўллаш кераклигини таъкидламоқда.

Айни пайтда Европа Иттифоқига Германия раислик қилмоқда ва ушбу давлат Туркия-Греция инқирозини ҳал этишда воситачилик қилишни ўз зиммасига олган. Аммо унинг бу вазифаси, айниқса, Франция томонидан кескин танқид қилингани сабаб заифлашиб қолди. Эндиликда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, хусусан, Франция ташқи сиёсатни амалга оширишда Туркияни минтақадан чиқариб юборишга интилмоқда. Шу нуқтайи назардан, яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Сўнгги кунларда юзага келган Туркия-Греция муаммосига учинчи давлатларнинг қўшилиши ҳам масалани ҳал этишни имконсиз ҳолга келтирмоқда.

Мағрибда манфаатлар тўқнашуви

Яна бир бир тортишув нуқталаридан бири Ливия масаласидир. Мағриб билан тарихий алоқага эга бўлган Франция минтақадаги мавжудлигини давом эттиришни истамоқда. Бошқа томондан, Туркиянинг Ўрта ер денгизи минтақасида ўз таъсир доирасини ошириши ва шу сабабли Ливиядаги зиддиятли вазиятга қўшилиши икки мамлакат ўртасидаги келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Туркиянинг ушбу минтақадаги фаол ролини Франция ўз таъсир доирасига нисбатан хавф сифатида кўрмоқда.

Гарчи Ўрта ер денгизи ва Ливия масалаларида Франция Европа Иттифоқининг манфаатларини кўзлаётганини билдирса-да, аслида, Макрон кўпроқ Франция манфаатлари ҳақида қайғурмоқда. Шунинг учун ҳам Европа Иттифоқидан восита сифатида фойдаланишга интилмоқда.

Туркия минтақадаги манфаатларидан воз кечмоқчи эмас. Худди шундай, Франция ҳам ортга қадам ташламоқчи эмас. Бу эса яқин замонлар ичида ўзаро зиддиятлар олови вақти-вақти билан алангаланиб туришини англатади.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA