Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчининг соқоли ўстирганига эътироз билдиргани акс этган. ЙПХ ходими соқол ўстириш мумкин эмаслигини ва бу менталитетга ҳамда гигиенага тўғри келмаслигини айтиб, ҳайдовчига танбеҳ беради. Шунингдек, ходим бу амал Ислом динида ҳам буюрилмаганини таъкидлайди.

Видеога Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, видео лавҳадаги ҳолат ўрганилганда, жорий йилнинг 5 сентябрь куни соат 09:30 ларда, Навоий шаҳар, Ислом Каримов кўчасида содир бўлгани аниқланган. Шу кўчада хизмат олиб бораётган Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори Ў.Ҳалимов Spark русумли 85 581 TTD давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берган.

Ўзаро мулоқот вақтида ЙПХ инспектори ҳайдовчининг соқол ўстирганлик ҳолатига эътироз билдирган. Ходимнинг ушбу эътирозларини ҳайдовчи шахсий уяли алоқа воситаси орқали видео тасвирга олган. Видео тасвир ижтимоий тармоқда тарқалган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув хулосаси бўйича қўшимча маълумот берилади.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA