Раъно Ярашева ҳаммадан кечирим сўради!

0
1,606

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно ЯРАШЕВА Рамазон ойи ҳақидаги ширин хотираларни энтикиш билан эслайди. Зеро, яқинлашиб келаётган муқаддас ой — бутун мусилмонлар учун катта мўжизаларни етаклаётганига шубҳа йўқ…

Ўтган ой, Умра сафарига бориб келганингиз ҳақида хабаримиз бор. Аллоҳ даргоҳида қабул бўлсин!

Илоҳим. Ҳар бир мусилмонга насиб этишини истайман!

Рамазон ойига ҳам оз вақт қолди. Биринчи марта рўза тутганингиз ёдингиздами?

Бувим диний–дунёвий билимлардан хабардор, тақводор аёл эдилар. Уларга ҳавас қилиб, мактабга чиқмасимдан бурун рўза тута бошлаганман. Бувимнинг қўйнига суқулиб ётишни ёқтирардим-да, эрталаб саҳарликка турганларида уларга эргашиб, оғиз ёпардим. «Іали кичиксан, қийналиб қоласан» десалар дод-вой қилиб бўлса ҳам айтганимни қилардим. Энг қизиғи, эрталаб уйқудан уйғонганимдан сўнг одатдагидек нонушта қилардим, очқасам таомланардим, сув ичардим, бувимнинг кўзи тушиб қолса, «Рўзадор эдинг-ку» дердиларда, шу уввос солиб йиғлардим, асти сўраманг. Бувим эса «Билмасдан еб қўйгансан-да, кечиримли болам, қолганини тутавер» дердилар. Ифторликда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек, астойдил ният қилардим катталарга қўшилиб, жажжи қўлларимни дуога очиб, бир нималарни сўрардим. Ажойиб дамлар эди. Болалигимни эслатдингиз-у, юрагим тўлиб кетди. Бобо-бувиларим, ота-онамнинг эркаси бўлганман, бағрибутунликда ўтган ёшлигим. Энди ёрқин хотира билан эслаяпман уларни, бобо-бувим, онажоним… (кўзлари ёшланди). Бахтимизга отажоним соғ-омон бўлсинлар!

Бу ойда мўъжизалар рўй беради дейишади?..

Бундан икки йил аввал ўт пуфагимни жарроҳлик амалиёти ёрдамида олиб ташлашди. Унга қадар ҳар Рамазон рўзасини сидқидилдан адо этганим боис жуда қийналдим. Чунки шифокорлар қатъий парҳез буюришганди-да. Шукр, бу йил соғлигим дуруст, насиб қилса рўза тутоламан. Мўъжизаларга келсак, бир неча йиллар аввал Рамазон ойи ибодат қилаётиб, жойнамоз устида икки сантиметрча кўтарилгандек бўлганман. Эҳтимол бу менинг хаёлимда рўй бергандир, лекин ҳиссиётлар ҳақиқий эди. Биласизми, улуғ ой олдидан мени таниган – билган барча-барчадан кечирим сўрайман. Билиб–билмай кимнингдир ранжитиб қўйгандирман, ноўрин сўзлагандирман ёхуд бирор илтимоси ерда қолгандир, мендан ўтган бўлса маъзур тутингиз. Йўл–йўлакай қоқилиб кетдингизми, билингки бу кимнидир хафа қилганингиз жазоси. Іаётингизда бирор нохушликка дучор бўлдингизми, ортингизга қаранг, ҳеч кимга дилозорлик қилмаганмисиз?.. Рамазон ойи истиғфор қилинг, астойдил сўранг, гуноҳларингиз кечирилгай.

Рамазон кириб келишидан олдин бажарадиган юмушларингиз борми?

Саноқли кунлар қолганида ўз–ўзимдан ҳеч кимга қаттиқ гапиролмай қоламан. Кўнглим юмшайди, шошилмайман, юрган йўлимда кўп-кўп шукрона айтаман.

Муборак ойда хафалашганларни яраштирган пайтларингиз бўлганми?

Бу каби воқеаларни эслолмадим, аммо Рамазон баҳонасида хафалашган инсонларим билан ярашган пайтларим кўп. Феълим салгина оғирроқ бўлиши мумкин-да баъзан. Аммо нима бўлишидан қатъий назар Моҳи Рамазон ойида ҳеч ким бир-бири билан хафалашмасин.

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA