«Сизгаям инсоф берсин». Бош вазир банк раҳбарини Ёзувчилар уюшмасига пул бермагани учун койиди

0
847

11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида Ўзбекистон президентининг 5 апрель куни имзоланган «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар бажарилиши билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон бош вазири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг моддий таъминотига тўхталди ва «Халқ банки» раҳбари Абдурасул Абдуллаевга танбеҳ берди.

«Ёзувчилар уюшмаси ҳомийси сифатида бириктирилган Халқ банки. Халқ банки. Абдуллаев. Шарманда.

Шу кунгача қанча пул ажратдинглар? (Иккинчи томон овози эшитилмайди. Шундан сўнг, бош вазир «Асака» банк раҳбарига юзланади ва саволига жавоб олади).

«Асака» банк сизникидай катта банк эмас. Шу кунга қадар улар 6 миллиард 212 миллион сўм пул ажратиб берган… Нима дейиш керак? «Асака» банкка раҳмат айтамиз, сизга нима дейиш керак, Абдурасул Неъматович?

Раҳмат айтайликми? Ёки сиз тўғрингизда китоб ёзайликми, ёки сиз тўғрингизда шеър ёзайликми «Неъматовичгаям инсоф берсин» деб? Ахир бу президент топшириғику?

Сизга тўғри хулоса чиқариш учун бир ҳафта муддат бераман. Вазият ўзгармаса, сиз ҳақингизда президентга хулоса ёзаман», дея огоҳлантирган банк раҳбарини Абдулла Арипов.

Маълумот учун, президент қарорига кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Ёзувчилар уюшмаси қошидаги «Ижод» жамоат фонди ҳудудий бўлимларининг молиявий манбаларини аниқлаши белгиланган.

Фонднинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

— ўзбек адабиётини янада ривожлантириш, бадиий сўз санъати соҳасидаги ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағлар жамғариш ва йўналтириш;

— Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг самарали ижодий фаолиятини таъминлаш мақсадида улар учун зарур маиший, тиббий хизматлар кўрсатиш ва бошқа шарт-шароитлар яратиш;

— адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса кўшган кекса авлодга мансуб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига аниқ йўналтирилган моддий ёрдам кўрсатиш;

— ижодий кўрик-танловларни ташкил этиш, иқтидорли ёш адибларнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этиладиган ижод намуналарини, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш;

— халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимиз муносиб намуналарининг хорижий тилларга таржима қилинишини ҳамда Интернетда кенг тарғиб этилишини молиялаштириш;

— Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, унинг тасарруфидаги кўчмас мулкни бошқариш, Фонд маблағларидан Фонд низомида белгиланган вазифаларни амалга оширишда мақсадли ва самарали фойдаланиш.

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA