Коронавирус инсон бош мияси фаолият учун ўнгланмайдиган салбий оқибатларни келтириб чиқараркан.

Бу ҳақда “Nature” журнали Ливерпуль университети, Лондон университети коллежи, Йель университети ва Икона тиббиёт мактабида олиб борилган илмий тадқиқотларга таяниб ёзган.

Ҳисоботда айтилишича, коронавирусга чалинган ва неврологик ҳамда психиатрик асоратларни бошидан кечирган беморларнинг 62 фоизида бош мия қон айланиш тизимига зиён етган. Уларнинг 31 фоизида психик ҳолат билан боғлиқ ўзгариш, масалан, эсни йўқотиш, давомли ҳушдан кетиш кузатилган.

Лондон университети коллежи томонидан амалга оширилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус натижасида энг кўп тарқалган неврологик асорат – инсульт, шунингдек, энцефалит — бош мия тўқималари яллиғланиши тарзида намоён бўлган. Ушбу хасталиклар вақт ўтиши билан ўзининг оғир шаклига кўчиши – ўткир тарқаладиган энцефаломиелитга олиб келиши мумкин. 

Бунда бош ва орқа мия яллиғланади, асаб ҳужайралари ҳимоя қобиғидан айрилади. Натижада худди тарқоқ склероздаги каби белгилар пайдо бўлади. Тажриба чоғи оғир аҳволдаги шундай беморларнинг айримларида респиратор симптоми кучсиз намоён бўлди, яъни асосий хасталик сифатида миянинг ишдан чиқиши кузатилди.

Қайд этилишича, неврологик белгилар аҳолининг турли тоифаларида юзага чиқиши мумкин.

«Биз нисбатан ёшроқ одамлар, яъни, инсультга учраган, аммо одатий хавфли омиллардан холи гуруҳни, шунингдек, ақлий фаолиятида англаб бўлмайдиган даражада сезиларли салбий ўзгариш рўй берган кишиларни текширувдан ўтказдик», — дейди Ливерпуль университети неврологи Бенедикт Майкл.

Бошқа бир невролог, Рио-де-Жанейро федерал университети ходими Фернанда де Феличенинг хулосасига кўра, COVID-19га дучор бўлган беморларнинг 50 фоиздан кўпроғи неврологик асоратларни бошидан кечириши мумкин. 

Бинобарин, коронавируснинг енгил ёки белгиларсиз гшаклини енгиб ўтган инсонларда бундай асоратлар қай даражада намоён бўлиши эҳтимолини аниқлаш, ҳозирча бу борада етарли маълумот тўпланмаганлиги сабабли, жуда қийин.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA