Ливиядаги фуқаролик урушида икки томонда ҳам ҳаракатсизлик кузатилиши икки режимда ҳам сиёсий барқарорлик йўқ эканини кўрсатиб қўйди, ливияликлар бу ҳукуматларни коронавирусга қарши муваффақиятсиз кураш олиб боришда, коррупцияда, нархлар ўсишида ва электр таъминотидаги узилишларда айблаб чиқишди.

Триполидаги БМТ томонидан тан олинган Фоиз Саррож бошчилигидаги Ливия миллий келишув ҳукуматига қарши ҳам, шарқдаги генерал Халифа Ҳафтар армиясига таянадиган ҳукуматга ҳам қарши кўча намойишлари бошланиб кетди.

Митинглар, тўқнашувлар ва ички курашлар бир ҳафта ичида икки лагерда ҳам ҳукуматлар истеъфосига олиб келди: чоршанба куни Саррож октябрь ойи охиригача истеъфога чиқишини эълон қилди, бироз аввалроқ Ҳафтарнинг иттифоқчиси, шарқдаги муқобил ҳукумат раҳбари Абдулла Соний ҳам истеъфо берганди.

Ливия – Африканинг нефть захираларига энг бой давлати ҳисобланади, бу мамлакатдаги зиддият аллақачон хориждаги суперқудратли давлатларнинг гибрид урушига айланиб кетган. Саррож бошчилигидаги Ливия миллий келишув ҳукуматини Туркия ва Қатар дипломатия ва ҳарбий йўллар орқали қўллаб келади, Ҳафтарга эса БАА, Миср, россияликларнинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси, Саудия Арабистони, Иордания ва Франция каби давлатлар ошкора ёки махфий равишда ёрдам бериб келади.

Ливиядаги қарама-қаршилик, худди Греция ва Туркия ўртасида Ўрта ер денгизида юзага келган қарама-қаршилик сингари аввалги можаролардан Вашингтоннинг ушбу минтақага бўлган қизиқишлари камайиши ортидан маҳаллий кучли давлатларнинг асосий ўйинчиларга айлангани билан фарқланади.

Мамлакатда фуқаролик уруши 2011 йилдан буён давом этиб келмоқда, ўшанда НАТО амалиёти натижасида 42 йил мобайнида ҳукмронлик қилган Муаммар Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилиб, ўлдирилганди.

Икки фронт чизиғида ҳам истеъфо

Собиқ архитектор Саррож мамлакатни ўзи бирлаштира олмади ва Туркия билан иттифоқ тузди

Чоршанба куни Саррож телемурожаат орқали октябрь ойи охиригача бош вазирлик лавозимини тарк этиши ҳақида маълум қилди. Ўз нутқида у Женевада БМТ ҳомийлигида ўтказилаётган тинчлик музокараларини тилга олиб ўтган. Бу музокаралар якунига кўра мамлакатни бирлаштириш ва янги сайловлар ўтказиш бўйича келишувга эришилиши кўзда тутилган.

Асли архитектор бўлган Саррож ҳукуматни 2015 йилдан буён бошқариб келади, у ҳукуматни дастлаб хориждан туриб бошқарган, мамлакатга фақат 2016 йилда киришга муваффақ бўлган.

Унинг истеъфоси ҳақидаги хабарлар ортидан Триполида ички кураш бошланиб кетган – июнь ойида армия Туркия ҳарбийлари ва қуроллари ёрдамида Ҳафтар армиясини чекинтиргач ҳокимиятни эгаллаш масаласи биринчи ўринга чиқди.

Ҳафтар кучлари бир йилдан ошиқ давом этган қамални тўхтатишга мажбур бўлгач, Ливияда тинчлик сулҳи тузилди, август ойи охирида Саррож ва шарқдаги парламент раҳбари Агила Солиҳ ўт очиш тўхтатилгани ҳақида эълон қилишди. Аммо Ҳафтар ҳамон бу борада сукут сақламоқда.

Ҳарбий ҳаракатлардаги танаффус ливияликларга ҳукумат фаолиятидан норозиликларини очиқдан очиқ билдириш имконини яратди – одамлар кўп йиллардан буён илк марта кўчаларга чиқишди – аммо бош вазир Саррожга садоқатли бўлган қуролли гуруҳлар намойишчиларни тарқатиб юборишди.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти бундай гуруҳлар намойишчиларни қўлга олгани ва қийноққа солаётгани, одамларга қарата машиналарга ўрнатилган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларидан ўт очаётгани ҳақида хабар берган. Матбуотдаги маълумотларга кўра, намойишчилардан бири ҳалок бўлган.

Саррож ҳукуматида ИИВ раҳбари бўлган Фатҳи Башага намойишчиларни қўллаб чиққан. У полициячилар намойишчиларни ҳимоя қилишини маълум қилган. Бундан ғазабланган Саррож эса Башагани истеъфога чиқарган.

Полиция ўз шефи Башагани қўллаб чиқди / Reuters

Аммо Башага Туркиядан ёрдам сўради ва вазифасига тикланди, бу эса Триполидаги ҳукумат Анқаранинг вассалига айланганини кўрсатади.

Financial Times хабарига кўра, Башагининг ҳайдалишини унинг душманлари ва мухолифлари кўчаларда ҳавога ўқ узиб нишонлашганди

Бу воқеалардан бироз аввалроқ мамлакат шарқидаги Тобрукни қароргоҳ қилган Абдулла Соний бошчилигидаги муқобил ҳукумат ҳам истеъфога чиққанди.

Бу истеъфога ҳам Тобрукда ва Ҳафтар кучлари назоратидаги яна бир йирик шаҳар Бенғозида кенг кўламли намойишлар бошланиши сабаб бўлганди.

Ижтимоий ҳолатдан норозилик билдирган намойишчилар Ҳафтанинг Бенғозидаги штаб-квартирасига ўт қўйишган, унинг ал-Маждаги қароргоҳида тўқнашувлар бўлиб ўтган.

AFP

Нефть бўйича баҳслар
Триполи остонасидаги мағлубиятга қарамай, айнан Ҳафтар раҳбарлигидаги Ливия миллий армияси мамлакатдаги асосий нефть конларини назорат қилишда давом этмоқда ва Ливия миллий ҳукуматини асосий даромад манбайидан маҳрум этмоқда.

Жума куни Ҳафтар «фуқаролар фаровонлиги учун» ўз армияси назоратидаги ҳавзаларда янги нефть объектлари очилишини эълон қилди ва бу конлардан келадиган фойдани адолатли тақсимлашни талаб қилди.

У шунингдек хориждаги кучларнинг мамлакат ҳаётига аралашувини танқид қилди.

«Мамлакатимизда мустамлакачилар ва террорчиларга ўрин йўқ. Биз ҳаёт эканмиз, Ливия бирлиги учун курашишда давом этамиз», деди генерал Туркиянинг Триполидаги ҳукуматга таъсири ва мамлакатга турклар томонидан олиб келиб жойлаштирилган суриялик жангариларга ишора қилган ҳолда.

Генералнинг бу баёнотидан бир кун аввал Ливия миллий нефть корпорацияси Ливия миллий армиясини нефть иншоотлари блокадасига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантириб, Ҳафтарни ер ости бойликларидан махфий музокараларда муҳим восита сифатида фойдаланишда айблаб чиққанди.

Ҳафтар 2019 йили Москвадан Саррож билан келишувни тузмай кетиб қолганди / AFP

Корпорация раҳбарияти Ҳафтар нефть терминалларига «Вагнер»нинг россиялик ёлланма жангчиларини жойлаштирган, деб ҳисобламоқда.

«Биз Вагнер ёлланмаларига мамлакат нефть саноатида муҳим роль бажаришга йўл қўймаслигимиз керак», деган корпорация раҳбари Мустафо Саналла.

Компания пресс-релизида қандай музокаралар ҳақида гап кетаётганига ойдинлик киритилмаган, аммо Bloomberg агентлиги манбаси Ҳафтарнинг ўғилларидан бири ўтган ҳафтада Сочида Саррожнинг ўринбосари Аҳмад Майтик билан учрашгани ҳақида хабар берган.

Жума куни Financial Times нашри блокаданинг бекор қилиниши Майтиг ва Ҳафтар учрашуви самараси экани ҳақида ёзиб чиқди.

Ливия миллий келишув ҳукумати бош вазири ўринбосари келишув матнини эълон қилган, унда нефть қазиб олиниши ва ундан тушадиган даромад икки томон ўртасида тенг тақсимланишини назорат қилувчи махсус комиссия тузилиши кўзда тутилган.

Bloomberg нефть конлари тўсиб қўйилганидан Ливия бюджети 9 млрд доллар зарар кўргани ҳақида маълумот берган.

Марокашдан Москвагача музокаралар
Женевадаги тинчлик музокараларидан ташқари, икки томонни яраштириш учун Марокаш, Миср ва Россия давлатлари ўз ҳудудида музокаралар майдони таклиф этган.

Шу ҳафтада Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Россия ва Туркия Ливияда ўт очиш тўхтатилиши ва сиёсий жараёнлар бошланиши бўйича келишувга эришишга яқин экани ҳақида хабар берганди.

«Ҳозир истиқболли вазият пайдо бўлди. Биз бу тинчлик жараёнини фаол равишда қўллашга ва унга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз», деганди жума куни Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров.

Зиддиятнинг икки томони ҳам қуролларини топширишга тайёр бўлмаган гуруҳларга таянади

Москва бу зиддиятда бетараф эканини айтиб келади ва унда воситачи вазифасини бажаришга ҳаракат қилади, аммо БМТ экспертлари РФ қуролли кучлари эмбаргони бузган ҳолда Ливияга «Вагнер»нинг россиялик ёлланма аскарларини қўллаб-қувватлаш учун қурол-яроғ етказиб бериши ҳақида ҳисобот тайёрлашган.

БМТнинг бошқа бир ҳисоботига кўра, Ҳафтар томонида 1,2 мингдан ошиқ россиялик ёлланма ҳарбийлар жанг қилиши маълум бўлган. BBC рус хизмати ушбу хусусий ҳарбий компания ҳарбийлари Ливияга 2018 йилда боришгани ҳақида маълумот берган.

Президент Владимир Путин Ливияда россияликлар борлиги ҳақидаги саволга жавобан, бу ёлланма жангчилар Россия манфаатларига хизмат қилмаслигини айтган.

Россия – Ливия масаласидаги ҳаракатлари ва баёнотлари бир-бирига мос келмайдиган ягона хорижий давлат эмас. Ушбу зиддиятга алоқадор бўлган бошқа давлатлар ҳам Ливияда тинчликка эришилишини қўллаб-қувватлашларини билдиришади ва зиддиятни ҳал қилиш учун воситачилик бўлишга ҳаракат қилишади, аммо БМТ Туркия, БАА, Қатар ва бошқа минтақавий ўйинчилар ҳам қурол етказиб беришга қўйилган эмбаргони бузишганини қайд этган.

Бундан ташқари, экспертларнинг қайд этишича, на Триполидаги ҳукумат ва Ҳафтар бу урушда ўз коалициясидаги барча кучлар устидан тўлиқ назорат ўрната олган. Икки фронтда ҳам қуролларни ташлашга рози бўлмаган кўплаб гуруҳлар мавжуд.

Айни вақтда 76 ёшда бўлган Ҳафтар Қаззофийнинг яқин кишиларидан бири бўлган, аммо у билан баҳслашиб мамлакатни тарк этган ва 20 йил мобайнида АҚШда истиқомат қилган, Қаззофий ағдарилгач мамлакатга қайтган ва ватанида мустақил сиёсий кучга айланишга қарор қилган.

1970-йилларда у советларнинг Фрунзе номидаги ҳарбий академиясида таҳсил олган, 1990-йилларда эса Америка фуқаролигини олган. У 20 йил мобайнида Виржиния штатида, Марказий разведка бошқармаси офиси ҳам жойлашган Лэнгли шаҳрида яшаган.

Буёғига нима бўлади?
Экспертларнинг прогнозларига кўра, Саррожнинг истеъфоси Ливия миллий келишув ҳукуматини кучсизлантириши ва Триполида қуролли кучларнинг таъсири кучайишига олиб келиши мумкин.

«Бу амалда манёврларнинг янги босқичига старт берилишидир. Охир-оқибат бу Ливия ғарбидаги кучлар, хусусан, Ливия миллий келишув ҳукуматининг мақоми пасайишига олиб келади», деган Reuters агентлигига берган интервьюсида «Халқаро муносабатлар бўйича Европа кенгаши» тадқиқот маркази илмий маслаҳатчиси Тарик Магриси.

Бунинг аломатларидан бири сифатида Россияда Ливия миллий келишув ҳукумати бош вазири ўринбосари ва Ҳафтарнинг вакили ўртасида тузилган нефть бўйича келишув шартларини кўриш мумкин.

Германиядаги Халқаро муносабатлар ва хавфсизлик институти эксперти Вольфрам Лахер Financial Times нашрига берган интервьюсида бу келишувни Ҳафтарнинг талаблари қаршисида тўлиқ таслим бўлиш деб атаган.

Нидерландиядаги халқаро муносабатлар институти ходими Клингендал Жалил Аршауи ҳам ҳокимият алмашинуви Триполидаги ҳукумат таъсиридаги гуруҳларнинг ўзаро ички тўқнашувларига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

«Турли қуролли гуруҳлар билан боғлиқ муаммолар жиддийлашади», дейди Арашуи Reuters’га берган интервьюсида.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA