Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Бирлашган Араб Амирликлари Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий видеоконференция шаклида музокара ўтказди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларининг кенг кўлами ҳамда стратегик шерикликнинг асосий йўналишлари, қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама келишувларни амалга оширишда эришилган муҳим ютуқлар таъкидланди. Жумладан, устав капитали 1 миллиард долларга тенг Ўзбекистон – БАА қўшма инвестиция компанияси ўз операцион фаолиятини бошлади, Толлимаржон электростанциясининг “Mubadala” компанияси томонидан хусусийлаштириш лойиҳаси доирасида электр энергиясини сотиб олиш бўйича инвестиция битимини келишиш жараёни ниҳоясига етмоқда, Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда Самарқанд шаҳрида тўрт юлдузли меҳмонхона ва савдо маркази қурилишини молиялаштириш учун Абу Даби тараққиёт жамғармаси томонидан 300 миллион доллар ажратилиши маъқулланди.

photo_2020-09-21_09-25-22.jpg

“Masdar” компанияси билан ҳамкорликда сезиларли ютуқларга эришилди – 2020 йил январь ойида Навоий вилоятида шамол электростанциясини қуриш лойиҳаси бўйича асосий юридик битим имзоланди. Минтақада 100 МВт қувватга эга қуёш электростанцияси қуриш лойиҳаси доирасида қурилиш ишларига тайёргарлик ҳам якунланди. “Masdar” мазкур қурилиш учун 2019 йил октябрь ойида ўтказилган тендерда ютиб чиққан эди, ноябрь ойидаёқ хорижий шериклар билан инвестиявий битим ва электр энергияси сотиб олиш бўйича битим имзоланди.
Амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг амалий жиҳати алоҳида кўриб чиқилди, режалар амалга оширилишини тезлаштириш бўйича кейинги ҳаракатлар белгилаб олинди.
Шунингдек, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, туризм ва молия секторларида янги инвестициявий лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали инвестициявий ҳамкорликни ва саноат кооперациясини кенгайтириш борасидаги имкониятлар муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини аниқлаш ва аниқ лойиҳалар ва ташаббусларнинг инвестициявий жозибадорлигини таҳлил қилиш учун тегишли маслаҳатчиларни жалб қилиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар илғор Амирликлар тажрибаси ва технологияларини жалб қилиш, шунингдек коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган қўшма чораларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA