16 сентябрь куни эфирга узатилган инглиз тили фани видеодарсида Нью-Йорк АҚШнинг пойтахти деб айтилган эди. Аслида Вашингтон АҚШнинг пойтахти ҳисобланади.

 Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчилари учун телевизион дарсда қўйилган хатолик учун узр сўради ва чет тили ўқитувчиларининг таркиби қайта кўриб чиқилганини маълум қилди.

Жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан бошлаб мактаб ўқувчилари учун телевизион дарслар узатила бошланди.

Таъкидланишича, “Онлайн-мактаб” лойиҳаси доирасида ҳар куни 100 дан ортиқ (30-35 соат) дарслар тасвирга олинмоқда. Мазкур дарсларда имкон қадар хатолик ўтмаслигига ҳаракат қилинмоқда.

“Бироқ, 16 сентябрь куни эфирга узатилган чет тили фани видеодарсида айрим хатоликларга йўл қўйилди. Энг аввало, мазкур ҳолат учун барчадан узр сўрамоқчимиз. Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида чет тили ўқитувчиларининг таркиби қайта кўриб чиқилди, дарс муҳаррири алмаштирилди ҳамда дарсларда тажрибали ўқитувчилар жамоасини янада кенгайтириш мақсадида маҳоратли педагоглар учун танлов эълон қилинди”, – дейилган хабарда.

Вазирлик кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқ фаолларидан “Онлайн-мактаб” лойиҳасида иштирок этаётган ўқитувчиларни камситмасликни сўраб қолган.

“Ҳар биримиз хатоликка йўл қўйишимиз мумкин, иш бор жойда хатоликлар ҳам учраб туради. Лекин, бу хатоликларни олдини олиш ва келгусида йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда”, – дея қўшимча қилган вазирлик.

ХТВ бу вазият барчани ўз вазифаларини бажаришда эътиборлироқ бўлишга ва ишга профессионал ёндашишга ундашига умид билдирган.

Вазирлик ҳозирги шароитда ўз соғлиғини хавф остига қўйиб ҳам анъанавий ҳам масофавий шаклда фаолият олиб бораётган ҳамда видеодарсларни тасвирга олиш жараёнларига жалб қилинган ўқитувчиларга миннатдорчилик билдирган.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA