Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ижтимоий тармоқларда одамлар унинг қабулига кира олмаётгани ҳақида ёзилган фикрларга муносабат билдирди.

«Ҳурматли юртдошлар! Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда менинг фаолиятим, хусусан фуқаролар билан қабул жараёнлари ҳақида ёзилаётган турли фикрларни ўқидим. Айрим ўринларда одамлар мени излаб келиб, қабулимга кира олмаётганлари ҳақида ёзишибди.

Аввало, фаолиятимга эътибор бериб, фикр билдираётганингиз учун ташаккур айтаман.  Ўз навбатида, шуни таъкидлашни истардимки, мен қачон ва қаерда, қандай вазифада ишлаган бўлишимга қарамай, ҳар куни эрталаб ўз ишимни қабулга келган фуқаролар билан суҳбатлашишдан бошлаганман. Ҳозир ҳам ҳар куни иш вақтим фуқароларни қабул қилиш, улар билан суҳбатлашишдан бошланади. Токи қабулда бирорта ҳам инсон қолмагунча бу мулоқотимиз давом этади.

Бугунги кунда жуда масъулиятли вазифада меҳнат қилар эканман, халқ билан мулоқот, одамларни эшитиш, уларга қонун доирасида ёрдам бериш энг муҳим масала эканини чуқур англайман. Ўз иш тартибимни тузишда доим одамлар билан мулоқот ва суҳбатлашишга кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Бинобарин, муҳтарам Юртбошимиз бизнинг олдимизга энг асосий ва қатъий вазифа сифатида одамларни рози қилишни топширганлар.  

Ҳурматли дўстлар! Биз сизларни эшитиш, ёрдам бериш ва биргаликда жонажон Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш борасида ҳамиша собитқадаммиз. Сиз бевосита вилоят ҳокимининг аралашувини талаб этадиган ҳар қандай масала ёки таклифларингиз билан келинг, мен албатта, сиз билан юзма-юз мулоқот қилиб, баҳолиқудрат ёрдам беришга тайёрман.

Шунингдек, телеграм каналимдаги махсус бот орқали ҳам масофадан мурожаат қилишингиз мумкин», – дея қайд этди ҳоким.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA