Туркия Дин ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош Истанбулда 72 йил давомида музей бўлган “Карие” масжиди 30 октябрь куни очилишини маълум қилди. 

“Дин ишлари бошқармамиз тасарруфига ўтказилган ва ибодат учун очилишига қарор қилинган “Карие” масжиди 30 октябрда жума намози билан бирга қайтадан жамоатига қовушади. Жаноби Ҳақ минораларидан азон овозини тўхтатмасин. Халқимизга ва барча ислом оламига хайрли бўлсин”, – дея ёзди Эрбош Твиттердаги саҳифасида. 

Истанбулнинг Фотиҳ туманида жойлашган “Карие” масжидининг тарихи VI асрга бориб тақалади. Мазкур обидани масжиддан музейга айлантириш тўғрисидаги қарор 1945 йилда қабул қилинган ва 2019 йилнинг 11 ноябрида Давлат Кенгаши томонидан бекор этилган эди. Кенгаш қарорида давлат вақфларни муҳофаза қилиши мумкинлиги, бироқ уларга аралаша олмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган. Жорий йилнинг августида обидани Дин ишлари бошқармаси тасарруфига ўтказиш ва ибодат учун очиш тўғрисида президент фармони чиқди. 

534 йилда монастир сифатида барпо этилган, Византия меъморчилиги намунаси ҳисобланувчи ушбу бино усмонийлар ҳукмронлиги даврида – 1511 йилда масжидга айлантирилган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Туркия президентининг жорий йил 10 июлдаги фармони билан Истанбул фатҳининг тимсоли бўлмиш “Аё София” ҳам музейдан масжидга айлантирилди. Бу ерда 86 йилдан кейин илк бор жума намози 24 июлда ўқилди.  

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA