Туркия ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли халқаро сафарларга чекловлар киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бунинг натижасида Туркия ноябрь ёки декабрдан сайёҳлар учун ёпилиши мумкин.
 
Daily Hürriyet нашрининг хабар беришича, Туркия ҳукумати маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун янги чоралар ишлаб чиқишни бошлади. Чекловлар биринчи навбатда йирик сайёҳлик марказлари, жумладан Истанбулга тааллуқли бўлади.

“Вирусга қарши кураш бўйича янги қарорлар вазиятга қараб қабул қилиниши мумкин. Бу жараён доирасида баъзи чоралар қабул қилиниши, бошқалари эса бекор қилиниши мумкин”, дейилган хабарда.

Шунингдек, оммавий тадбирларни бекор қилиш, дам олиш кунлари комендантлик соати киритиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, ҳукумат коронавирус тарқалишини тўхтатиш чораси сифатида кейинги босқичда шаҳарлараро ва халқаро сафарларга чекловлар киритишни муҳокама қилмоқда.

Янги чораларнинг киритилиши Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий кенгашининг 28 октябрдаги йиғилишида муҳокама қилиниши режалаштирилган.  

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA