Ўзбекистон элчихонаси кўмаги билан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва Сингапурнинг Universal Success Enterprises Limited компанияси раиси Прасун Мукержи пойтахт вилоятида Nurafshon City қурилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида бош келишувни онлайн тарзда имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ҳужжат Сингапур компанияси томонидан ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда 2021 йил биринчи чорагининг охирига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, кейинчалик тасдиқлаш ва замонавий Нурафшон шаҳри қурилишининг бошланишини назарда тутади. Лойиҳанинг умумий майдони, тахминан, 2 минг 833 гектарни ташкил этади ва у уч босқичда амалга оширилади.

Лойиҳани Universal Success Enterprises Limited ёки ушбу компания томонидан ташкил этилган хорижий компаниялар консорсиуми томонидан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ёки хорижий молия институтларининг кредит линиялари асосида амалга ошириш кўзда тутилган. Инвестицияларнинг умумий ҳажми лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш натижаларига кўра аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, аввал Тошкент вилояти ўзининг маъмурий марказига эга эмасди. 2017 йил 24 август куни Сенат Тўйтепа шаҳрини Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилади. 2017 йил 25 август куни Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳри номи Нурафшон шаҳри, деб ўзгартирилди. 2018 йил 26 март куни «Ақлли шаҳар» концепцияси бўйича Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида ҳукумат қарори эълон қилинди.

Шаҳар Ўзбекистондаги биринчи «ақлли» шаҳар бўлади, унда маъмурий бинолар, замонавий ва қулай турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт маркази, кутубхона, мактаблар, кўп тармоқли шифохона бунёд этилади

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA