“Икки йил ичида баъзи ҳамкасбларим, улфатларимнинг асл юзини кўрдим”

0
3,419

Бир вақтлар машҳур бўлган ва дилтортар қўшиқлари билан катта ёшли тингловчиларини кўнгилни забт этган хонанда Абдулла Қурбоновни суҳбатга чорладик.

Ўзингизни биринчи галда қайси ўринда кўрасиз? Омадли санъаткор, муносиб фарзандми, ҳавас қилгулик оила бошлиғи ё меҳрибон ота?

— Омадли санъаткор. Мактаб, институтда аъло баҳога ўқимаганман, омадим билан шу даражага етдим. Устозларим “Онанг сенга сўрғич ўрнига микрофон бериб катта қилган”, дерди. Тақдиримда бор экан, бошимга тушган синов орқали онам, рафиқамни йиғлашига сабаб бўлганман. “Чиройли сабр берсин, кўзёш тўкманглар, ҳаммаси изига тушади”, дердим. Бундан таъсирланиб, “Она йиғламасин” номли қўшиқ ёздим. Рафиқам билан ҳам тортишиб қолсак, “Араз уч кун”, деб дарров ярашиб оламан. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Шу боис тўрт фарзандим кўчадан йиғлаб келганида “яхши ё ёмон, дебми эслаб туришганига раҳмат!” дердим.

—  Нега устозингиз Муҳриддин Холиқовнинг гуруҳидан чиқиб, сизнинг таъбирингиз билан айтганда, додангиз Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировга шогирд тушгансиз?        

— Муҳриддин аканинг менга анча меҳнати сингган, у кишининг “мактаб”ида кўп нарсани уққанман. Бир куни отамнинг юраги безовта қилганида, устозга қўнғироқ қилиб, хизматга боролмаслигимни айтганман. Келиб отамни ҳолидан хабар олган ва хизматга боришим кераклигини айтган. “Хафа бўлсангиз ҳам боролмайман”, деганман. Эртасига қўнғироқ қилсам, “Энди ўз йўлингни топ!” деган. Кўнглим бўлмай, уйига бордим, қарори қатъийлигини айтди ва дуосини олдим. Шогирд тушганимга сал кам тўрт йил бўлганида шу тариқа гуруҳдан чиққанман. Ўшанда “Муҳриддин аканинг юзини ерга қаратмай, ўз йўлимни топаман”, дея олдимга мақсад қўйгандим. Шундай қилиб, Фаррух Зокировга шогирд тушдим, беш йил бирга ишладик.

— “Керак бўлса, мусиқасиз ҳам оҳангдан чиқмай, овоз қалтирамай жонли ижрода куйлай оламан”, дегандингиз. Ҳатто оғир кунингизда сабр билан ёнингизда турган онангиз ва рафиқангизга бағишлаб, “Ғийбатларга ишонманг, биз ёнингиздамиз, аёллар” деб номланган концерт дастури ҳам бермоқчи эдингиз. Жонли ижродаги концертдан эса дарак йўқ?

— Аввало катта маблағ керак. Насиб бўлса, шу йил концерт бериш режамда бор. Фақат фонограммадан ҳам фойдаланилади. Мен учун фонограмма бу – сифат. Концерт суратга олиниб, дискда чиқарилгани учун мухлислар сифатли концерт кўришини хоҳлайман. Йўқса, микрофонсиз ҳам концерт бера оламан, гапимни манманликка йўйманг фақат.

—  Нега “Онажоним”, “Гўзал ёрим” каби дилларга етиб борадиган қўшиқлар ёзолмаяпсиз? Ахир бу қўшиқларнинг ғояси ўзингизга тегишли бўлган-ку!    

— Севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб “Дўст” қўшиғим “хит” даражасига етди. “Она йиғламасин” қўшиғим клипсиз ҳам оммалашди. “Учрашмадик”, “Зебо бўлибсиз”, “Раъно”, “Алдаб нима қиласан?” қўшиқларим ҳам насиб бўлса “хит” бўлади. Кейинги гал суҳбатлашганимизда, “Абдулла ака, тўғри айтган экансиз”, десангиз ажабмас (кулади).

—  “Остонангдан кетмай кўзинг ёғин ялаб, улфат ҳазар қилмас ҳатто туҳматлардан” мисрали “Дўст” қўшиғингизни эшитиб, Абдулла Қурбоновни жон-жонидан ўтиб кетганидан “дўстлар”и ҳақида қўшиқ куйлабди-да, деган фикрга келдим…  

— “Акажоним, укажоним, жонимни беришга ҳам тайёрман”, деганлар бошимга синов тушганда “Ўзи шунақа йигит эди” дейишганини эшитдим. Икки йил ичида баъзи ҳамкасбларим, улфатларимнинг асл юзини кўрдим. Уларга лом-мим демай ичимдаги гапларни қўшиқ орқали куйладим. Дўстдан куйган кўпчилик “дўст”ига “ёрилолмай” гапларини қўшиғим орқали етказаётган экан (кулади). “Дўст”ига “Абдулла янги қўшиқ куйлабди, эшит”, дер экан.

—  Ножўя хатти-ҳаракатларингиз натижасида обрўингиз тўкилиши ҳақида ўйламаганмисиз ё ёпиқ қозон ёпиқлигича қолади, деган хаёлдамидингиз?    

— “Отимни ўлишини билганимда, бир қоп кепакка алмашган бўлардим”, дейишган. Бошимга тушган синов ҳақида ҳам “Беайб Парвардигор, ҳар бандада бир айб бор. Мени айбим тўқлигимдир, тўқлигимдан шўхлигимдир” мисрали қўшиқ ҳозирлаяпман. Бир ёмоннинг яхшиси бор. 2013 йил чет элда яшайдиган дўстим Жалолиддин билан қўнғироқлашдим, октябрда икковимиз оиламиз билан бир ой кемада сайр қилишга келишдик. Рафиқам, тўрт фарзандимни олиб, Флоридадаги Диснейлендга олиб боришни ҳам режа қилиб, бир йилга виза олдик. Лекин 27 август тарих зарварақларида эмас, юрагимда ўчмас доғ бўлиб қолди. Ўша санада менга нисбатан жиноий иш очилиб, чет элга боролмаганмиз…

Радиода эса биз сайр қилишни режа қилган кема ҳалокатга учраганини эшитдим, оилам билан бир ўлимдан қолганман-да.

—  Нега дуэт қўшиқларингиз йўқ ё ҳамкасбларингиз сиз билан ҳамкорлик қилишни исташмайдими?

— Йўқ, рад этишмайди. Дуэт қўшиқ тайёрлаб қўйдим, фақат овози бор аёл дуэтдош танлолмаяпман.      

—  Болаликда машҳур бўлганлар, улғайгач “юлдузи” сўнади, дейишади. Бу фикр сизнинг мисолингизда ҳам исботланган…    

— Машҳурликнинг ҳам ўз даври бор, ҳеч нима абадий эмас-ку. “Юлдузлик касаллиги”га чалиниш, манмансираб кетишдан қўрқаман. Шукр, ҳалигача мухлисларим менга содиқ.

— Кўплаб қўшиқларингиздаги мусиқа ва сўз уйғунлиги йўқлиги сезилиб қолади. Қўшиқ кўнгилдагидек бошланади-да, нақоратга келганида “сўз бўлса бўлди”, қабилида ёзилгандек туюлади. Қўшиқ шеърини ўзингиз ёзасизми, профессионал шоирлар билан ишламайсизми?

— Тўғри, баъзи қўшиқларим шеърини ўзим ёзганман, лекин у сўзлар юрагимдан қуйилиб келган. Шу боис ҳам мухлислар дилидан чуқур жой эгаллаб улгурган.

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here