Мактабгача таълим вазирлиги Андижон вилояти, Балиқчи туманидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилотининг собиқ раҳбари Г.Хўжақулованинг ўз жонига қасд қилиши воқеаси юзасидан расмий муносабатини эълон қилди. 1967 йил туғилган Г.Хўжақулова 4 май куни уйида ўзини осган, аёл касалхонага ётқизилган, аммо шифокорларнинг қилган барча ҳаракатларига қарамай, 17 май куни вафот этганди.

Вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ ўлим ҳолати сабабларини ҳамда ушбу Мактабгача таълим бошқармаси фаолиятини ўрганиб чиққан. Ўрганиш натижаларига кўра, боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари вақтида бюджет маблағлари ўзлаштирилгани аниқланган, туман мудири ишдан олинган.

Балиқчи тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувга кўра, марҳума соғлиғи ҳамда иши билан боғлиқ муаммолар туфайли руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар натижасида ўз жонига қасд қилгани аниқланган. Туман прокуратураси томонидан тайинланган суд психиатрик-психологик экспертизаси хулосасида кўрсатилишича, бу салбий ҳолатга ички қалбий зиддиятлар натижасидаги ҳиссий ҳаяжон туртки бўлган, унинг натижасида юзага келган ҳиссий беқарорлик жонига қасд қилиш ҳолатига туртки бўлган бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Экспертиза хулосаси асосида туман прокуратураси томонидан ушбу ҳолат бўйича тегишли қарор қабул қилинган.

Мактабгача таълим вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган текширув хулосасига кўра, Балиқчи тумани МТБ раҳбари С.Хонкелдиеванинг ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашмаганлиги натижасида МТБда носоғлом муҳит юзага келган.

Шунингдек, текширув давомида Балиқчи туманидаги 11-сонли давлат МТТда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борган «Милано қурилиш» МЧЖ раҳбари Н.Расулов томонидан расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш орқали бюджет маблағлари ўзлаштирилгани, қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўзи сифатсиз бажарилгани аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, ишчи гуруҳ Балиқчи тумани МТБда ишлар тизимли йўлга қўйилмагани, раҳбар хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани, идоравий назорат сусайтириб юборилгани ва натижада аҳоли орасида мактабгача таълим тизимига нисбатан норозилик кайфияти пайдо бўлганини аниқлаган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Андижон вилояти, Балиқчи тумани МТБ мудири С.Хонкелдиева 26 июнь куни ишдан олинган.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA