Марғилондаги меҳрибонлик уйи: хўрланган болалар, хўрланган қизлар…

0
2,751

Марғилондаги 1-меҳрибонлик уйи билан боғлиқ шов-шувлар кўпларнинг қулоғига чалинган бўлса керак. Тўғри, эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Фарғонадаги игнанинг тешигидек гап Тошкентга етгунча туядек салобат касб этиши мумкин. Бироқ муассаса раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани урчиган гап-сўзлар шунчаки миш-миш эмаслигини тасдиқламоқда, деб ёзади Xabar.uz

Алалхусус, гап шу: Марғилондаги 1-меҳрибонлик уйида ақлни шоширадиган даражадаги жиноятлар фош этилгани рост! Аммо ҳозирча воқеликни борича баён қилишга шошмайроқ туриш талаб этилади, чунки олдинда суд турибди. Шу боис жиноят иши ҳақида хабар бериш билан чекланамиз, зеро, шунинг ўзиёқ муассасадаги кирдикорлар хусусида етарлича тасаввур беради.

Айни пайтда 1-меҳрибонлик уйи директори ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари поёнига етган. Жиноят ишига муассасанинг 10 нафар ходими айбланувчи тариқасида жалб этилгани алоҳида таъкидга лойиқ. Дастлабки тергов жараёнида жами 167 миллион (!) сўмдан кўпроқ зарар аниқлангани туфайли муассаса директори, бош ҳисобчиси ва кассирига нисбатан Жиноят кодекси(ЖК)нинг 167-моддаси(Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан айб эълон қилинган. Мазкур модда билан айбланаётган мансабдорлар гарданига ЖКнинг яна иккита – 205 ва 209-моддалари ҳам илиниши табиий… Зеро, мансабдор шахс ўзига ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириши ёки талон-тарож қилиши (167-модда) ўз-ўзидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани (205-модда) баробарида мансаб сохтакорлигига (209-модда) ҳам йўл қўйганини англатади.

Ҳамма бало шундаки, муассаса мансабдорлари етимларнинг ҳаққини бўккунича егани учунгина жиноий жавобгарликка тортилаётгани йўқ. Улар вояга етмаган шахслар ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этганликда ҳам айбланмоқда. Хусусан, муассаса раҳбарлари содир этган жиноятлар орасида ЖКнинг 115-моддаси (Вояга етмаган шахснинг ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш), 127-моддаси (Вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш) ҳамда 129-моддасида (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) кўрсатилган қилмишлар ҳам борки, бундан мазкур мансабдорлар зиммасидаги вазифаларнинг тескарисини қилиб келгани ойдинлашади. Муассаса тарбияланувчилари саломатлигига масъул бўлган яна бир кимса эса ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Ожизлиги айбдорга аён бўлган вояга етмаган шахсларни муттасил равишда дўппослаш ва бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) ва 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) моддаси билан айбланмоқдаки, шунинг ўзи «дод!» девормоққа етиб ортади.

Мазкур учала шахс ҳамда яна бир эркак тарбиячи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Жиноят иши бўйича муассасанинг яна тўрт нафар аёл (!) тарбиячисига ҳам ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Ожизлиги айбдорга аён бўлган вояга етмаган шахсларни муттасил равишда дўппослаш ва бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) билан айб эълон қилинганини тасаввурга сиғдириш қийиндек. Аммо суд-тиббий экспертизасининг хулосаларига кўра 12 нафар тарбияланувчи (уларнинг барчаси вояга етмаган қизлар) баданида қаттиқ ўтмас жисмлар таъсирида етказилган жароҳат излари борлиги, бу жароҳатлар «меҳрибонлик уйи»нинг том маънодаги номеҳрибонлари томонидан етказилгани аниқланган. Вазият шу даражага етганки, билак кучи билан ўтказиладиган «тарбиявий соатлар»нинг бири вояга етмаган тарбияланувчининг оёғи синиши билан якунланган.

Жиноят иши бўйича аёл жинсига мансуб айбланувчиларга нисбатан «уй қамоғи» ва «гаров» шаклидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

Хуллас, олдинда суд турибди.

Содир этилган жиноятларга ҳуқуқий баҳо бериш донишманд судьяларга тан, албатта. Айбланувчиларга нисбатан қонуний жазо тайинланишига-да шубҳа йўқ.

Кўринадики, меҳрибонлик уйида аниқланган жиноятлардан ақл шошиб қолади. Йиллар давомида етимлар ҳақини ўмариб келганларнинг чорасиз болаларга ўтказган зулми, содир этган ахлоқсизликларидан мутасаддилар бехабарлиги эса икки карра ҳайратлидир. Вояга етмаганлар билан ишлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилмаганми? Уларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол вояга етиши учун озмунча ишлар қилинаяптими?! Маҳаллий ҳокимликдан тортиб, ички ишлар, таълим тизимида вояга етмаганлар билан ишловчи масъуллар сони озми? Прокуратура-чи? Прокуратура органининг ҳар бир бўғинида бевосита улар билан ишловчи масъул ходим борлигига қарамай шундоғам кўнгли ўксик болаларнинг бу тариқа зўрлигу хўрликка дучор бўлганини қандай изоҳлаш мумкин? Нима, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари жамиятнинг ўгай болаларими?!

Шу ва шу каби оғриқли саволларга суддан кейин биргаликда жавоб ахтарамиз.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали воқеалар ривожини кузатиб боради.

 

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here