Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи Алижон ака Қурбонов (исми фамилияси ўзгартирилган) узоқ йиллар ўқитувчилик қилиб нафақага чиқди. У турмуш ўртоғи билан пул йиғиб, ҳаж зиёратига боришни ният қилди. Афсуски, улар қариган чоғида фирибгарнинг тузоғига илинганини ўзлари ҳам билмай қолишди.

Гап шундаки, марғилонлик Адҳам Мўминов шериги (жиноят ишининг қисми алоҳида иш юритувига ажратилган) билан олдиндан тил бириктириб, уларни «ҳажга жўнатамиз» деб чув туширди. Улар 2016 йил декабрь ойида А.Қурбоновни турмуш ўртоғи билан бирга ҳаж сафарига бормоқчилигидан хабар топиб, Фарғона шаҳри Қиргули мавзесида учрашади. Алижон акани ишончига кириб унга нафақа ёшидаги шахслар учун алоҳида ажратиладиган квота асосида 2017 йил мавсумида ҳаж сафарига юборишини айтиб, тузоғига илинтиради. Фарғона шаҳрининг турли жойларида ҳаж сарф-ҳаражатлари учун қонуний тўлов деб, унинг жами 10 минг 300 АҚШ доллари миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Яхши ният билан йиғилган пуллар фирибгарларнинг қўлига ўтди. Аммо вақт ўтса ҳамки ҳажга бориш борасида ҳеч қандай янгилик бўлмади. Алижон ака Адҳамга бир неча бор телефон қилди, учрашди. Фирибгар эса баҳона қилишдан нари ўтмади. 2018 йилги ҳаж зиёрати учун навбатга ёздириб қўйганлигини айтиб, яна алдайди. Ўша йили ҳам улар ҳажга бориша олмади. Саксон ёшни қаршилаётган отахонни А. Мўминов ҳар сафар кўнглини кўтариб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирарди. Албатта, сабрнинг ҳам чегараси бор. Ҳеч қандай натижа бўлмагач, фирибгарлар устидан ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан А. Мўминовнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Нафақадаги судланувчи суд жараёнида юқори идорада ишлаган, ҳозирда қидирув эълон қилинган таниши А.Н.га қўнғироқ қилиб, ҳаж сафарига икки дона имтиёзли жой бўлса ёрдам беришини илтимос қилгани, пулларни унга берганлиги ҳамда ўртада воситачи бўлиб қолганлиги каби важларни келтирди. Гувоҳлар ва далиллар унинг қилмишини фош этди. Суд томонидан унга нисбатан тегишли жазо қўлланилиб, жабрланувчи фойдасига етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA