Туркиянинг Истанбул шаҳрида шу йилнинг 16 ва 30 июль кунлари «Turkish Airlines» авиакомпанияси томонидан ташкил этилган чартер рейсда жами 42 ўзбекистонлик йўловчи парвоздан қолиб кетган. Айримларининг юклари эса Тошкентда эгаларини кутмоқда.

Бугун Kun.uz таҳририятига бўладиган мурожаатлар орасида антиқасига дуч келдик. Туркиянинг Истанбул шаҳридан йўлланган бу мурожаатда бир неча ўн нафар ўзбекистонлик фуқаро чартер рейсга чипта харид қилгани ҳолда рейсдан қолиб кетгани маълум қилинган эди.

Чартер рейсга навбати келгани ҳақида қўнғироқ қилиб хабар берилган, фалон жойдан чипта олиши кераклиги айтилган, бориб 500 доллар атрофида пулини тўлаб, чипта олган, аэропортда рўйхатдан ўтган, чегара постида Туркиядан кетгани қайд қилиниб, муҳр босилган, айримларининг чиптасидаги талон қисми ҳам йиртиб олингани ҳолда рейсдан қолиб кетишган.

Шундай бўлиши мумкинми, деган таажжубда мурожаатни имкон қадар ўрганишга қарор қилдик.

Даставвал, мурожаат мазмуни ҳақида.

Бизга тақдим этилган аудиоёзувлар, суратлар ва видеолавҳаларда кўринишича, 30 июль куни «Истанбул–Тошкент–Истанбул» йўналиши бўйича «Turkish Airlines» авиакомпанияси томонидан чартер рейс амалга оширилган. Тушунтиришларича, жами 31 ўзбекистонлик йўловчи қўлида чиптаси билан самолётдан қолиб кетган.

Маълум бўлишича, рейс қатновлар жадвали бўйича соат 15:30га белгиланган ва ўз вақтида парвозни амалга оширган.

Бироқ, улар орасида юклари Тошкентда ўз эгаларини кутаётган йўловчилар ҳам бор. Айримларининг чиптаси ва паспортларига чегара назорати муҳри ҳам босилган. Баъзиларининг чиптаси йиртилиб, қўлига талони тутқазилган ҳолда парвоздан қолиб кетганини қандай тушуниш мумкин?

Kun.uz мухбири боғланган ўзбекистонликлар чартер рейсдан қолиб кетганлар орасида юклари Ўзбекистонга кетганлари борлигини маълум қилишди. Улар қўлларида паспорт билан қолишган, холос. Ваҳоланки, улар орасида консуллик қўнғироғидан кейин 516 долларга чипта олиб, ўз вақтида аэропортга борганлар ҳам бор.

Турли йўловчилар томонидан тақдим этилган аудиоёзувларда таъкидланишича, улар «жазо тўлови»ни (Туркия миграция қонунчилигини бузгани учун тўланадиган жарима) амалга ошириш учун навбат кутиб турган вақтларида авиакомпания вакили келиб, самолёт учиб кетганини маълум қилган. Уларга кўра, консуллик рўйхатига кирмаган йўловчилар ҳам келиб, 480 доллардан чипта харид қилиб, Ўзбекистонга кетишга муваффақ бўлган. (Таҳририятда шундай йўл билан кетган йўловчилардан бирининг яқини билдирган хабарнома мавжуд). Қолаверса, мурожаатчилар самолётдаги ўриндиқлардан ортиқча чипта сотилганини ҳам иддао қилишмоқда.

Истанбул аэропортида рўй берган ҳолат бўйича изоҳ олиш учун «Turkish Airlines»нинг Тошкентдаги ваколатхонаси вакили билан боғландик ҳамда бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Унинг жавоблари қуйидагича бўлди.

·       Туркиядаги ўзбекларни эвакуация қилиш бўйича чартер рейс рўйхатига авиакомпаниянинг умуман алоқаси йўқ, рўйхат бўйича йўловчиларга қўнғироқ қилиш ва аэропортга келиши, чипта харид қилишларини назорати Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллиги ваколатига киради.

·       Мурожаатчилар таъкидлаганидек, чартер рейсга чипталар фақат консуллик тақдим этган рўйхат бўйича сотилади, рўйхатга киритилмаган фуқароларга чипта сотилмайди. Авиакомпания вакилининг айтишича, консуллик вакили рўйхатга киритилганлар етиб келмаган тақдирда, бошқа фуқароларга чипта сотишга рухсат бериши мумкин.

·       Эвакуация мақсадида ташкил этилган чартер рейслар белгиланган вақтида амалга оширилади, уларни кечиктириш имкони йўқ. Махсус буюртмали чартер рейсларгина буюртмачи истаган вақтдагина парвоз қилиши мумкин, холос.

·       Чипталарнинг рўйхатга олиниши, паспортларга муҳр босилгани, ҳатто чиптанинг самолётга чиқиш талони йиртиб олингани ҳолда қолиб кетган йўловчилар ҳолати эса алоҳида ўрганилиши керак.

Шу билан бирга, 16 июлда қолиб кетган 11 йўловчининг барчаси бир неча кундан сўнг, хавфсизлик ходимлари томонидан шифохонага, кейин чет элликлар сақланадиган пунктга олиб борилган. Уларнинг ичидаги аёллар Ўзбекистонга юборилгани, бироқ 6 нафар ўзбекистонлик эркак Истанбулдан минг киломeтр узоқда ҳамон сақлаб турилгани айтилмоқда.

Мурожаатчиларнинг алоҳида уқтиришларича, ушбу чартер рейсларни назорат қилиш масъулияти Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллиги зиммасида бўлса-да, 16 ва 30 июль кунги чартер рейсларда консулликнинг бирор ходими бўлмаган.

Kun.uz мухбири айни ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллигининг Telegram саҳифасига мурожаат қилди. Бироқ ҳозирча жавоб бўлганича йўқ.

Шу билан бирга, бугунги кунда «Турк ҳаво йўллари» томонидан ташкил этиладиган навбатдаги «Истанбул–Тошкент–Истанбул» рейси 14 августда амалга оширилиши инобатга олинса, аэропортда қолиб кетган ўзбекистонликларга бу муддат давомида ким томонидан, қандай ёрдам кўрсатилади, деган савол ҳамон очиқ қолмоқда.

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA