«Уюшганлар» янаям уюшишлари керак (Шахсий фикр)

0
152

Олдиндан айтиб қўяй, иттифоққа ва уни катталарию-аъзоларига ҳеч қандай хусуматим йўқ. «Уюшган ёшлар» бу блогпостни оддий бир фуқаро позициясида туриб билдирилган фикрлар, деб қабул қилишса мақсадга мувоффиқ бўлади, деб ёзади Fayzbog.uz

«Ўзбекистон ёшлар иттифоқи» — нодавлат нотижорат ташкилоти. Айнан мана шу ташкилотга Президентнинг ўзи ишонч билдирган. Ана энди бу ташкилотга қандай юксак марралару-мақсадлар белгилаб қўйилганлигини тасаввур қилаверинг. Лекин, ўйлаб кўрайлик, иттифоқ бу мақсадлар сари йўлнинг қайси жойида турибди? Йўқ, саволни ўзгартирамиз: Иттифоқ бу марралар сари йўлга чиқдими?! Ха, чиқди. Бироқ мақсад сари эмас, адашиб трассага чиқди ва… у ёғи нималар бўлганини ўзингиз яхши биласиз.

Қаҳрамон Қуронбоев кўрсатган «каромати» ва Kun.uz журналисти Азиз Қаршиевнинг ижтимоий тармоқларда оммавий резонансга сабаб бўлган Қуронбоевга истеъфо сўраб ёзилган мақоласига ошиқча тўхталиб ўтирмайман, шундоқ ҳам бу мавзу кўп «чайналди». Бу иш юзасидан Президент нутқидан битта иқтибос келтираман, шунинг ўзи етарли: «Президент рухсат берибди, деб бундай иш қилишлик- халққа ва менга ҳиёнат!»

Энди мен ҳам бу вазиятга ўз позициямни билдирсам. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қонунларига зид бўлган ишларни қилган одамнинг тарафини оламанми?! Президент, Давлат бошлғи ТАВСИЯ берган холос. Ҳали ҳеч қандай қонун ёки фармон чиққани йўқ. Шундай экан, ҳали ҳеч ким бировни тўйига аралашишга ҳаққи йўқ!

Эътибор берган бўлсангиз, Қаршиевга атаб мемлар ясаган, ҳар-хил ҳэштэгларни трендга олиб чиқмоқчи бўлган «уюшган ёшлар» Президентнинг Фарғонадаги нутқидан сўнг қаёққадир йўқ бўлиб қолишди. Тўғрисиямда, Миллат Лидери ҳам ёмонлаб турган одамни қандай қилиб ёнини олишсин?!

Кези келганда эслатиб ўтаман, 30-июнь — Ёшлар куни! Қайтараман: «Ёшлар куни», иттифоқники эмас!

Шахсан ўзим мана шу блогпостни тайёрлаш мақсадида 2 хафта иттифоқ ичида юрдим ва шунга амин бўлдимки, иттифоқ системасида системанинг ўзи йўқ экан. Улар нима қилишётганини вақти келса ўзлари ҳам билишмайди. Ўтказмоқчи бўлгани — тадбир ва шу тадбирларни суратга олиб мақтанишлик. СелфиМания. Бунақанги тадбирларда ёшлар зиғирча фойда олса экан, майли дердик. Шунчаки хўжакўрсинга қилинадиган ишлар. Тўғри, иттифоқда ҳақиқий фидойи ёшлар борлигини инкор этиб бўлмайди. Айнан мана шу «селфипарастлар» битта селфиси билан ҳаммасини бир тийин қилишади… ва ўз-ўзидан бу фидойилар ҳам қўштирноқ ичига кириб қолади ёки умуман бу тизимдан чиқиб кетади. Бунақаларни кўпини кўрдим.
чиқиб

Икки хафта ичида мен ҳақиқий фидойилардан тортиб, дарсларга кирмаслик учун ва компьютер (ўйинлари) учун ўша тизимда юрганларни кўрдим. Дарсларга кирмасдан нима қилишади, дерсиз, улар шунчаки фойдасиз тадбирларига тайёрланишади. Энди ўйланг, тадбирда юрган ёшлар қандай қилиб ўз устида ишлайди, қандай қилиб ўқийди?! Бир хафта ё ундан ҳам олдин тайёргарликни бошлайди, улар дарслардан озод этилган. Ўз-ўзидан кўринади, уларда ҳеч қандай вақт йўқ. Ёшлар ўқисинми ё фойдаси йўқ бўлган тадбирларда юрсинми?! Ахир, келажак шуларнинг қўлида эмасми?! Шуларнинг қўлида бўлса, ҳозирги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, келажакда бизни катта-катта бефойда тадбирлар кутиб турибди. Бундан кейинги авлод ҳам «зомби» қилиб тарбияланади.

Яқинда ижтимоий тармоқларда кўп эътирозларга сабаб бўлган хабар тарқалди. Хабарда: «Ёшлар иттифоқи» томонидан «уюшмаган ёшлар» ўртасида футбол мусобақаси уюштирилди ва ғолибларга совғалар топширилди», мазмундаги гап бор эди. «Уюшмаган ёшлар» деб улар бир-икки сўм илинжида мардикорликка чиққан ёшларни олиб кетишган ва футбол ўйнатиб, ғолиб жамоага арзимаган бир баклажка ёғ ва «тефал» чойник совға қилишган. Нимаси ёмон дерсиз, лекин, ишонинг, улар мардикорлик қилса, аминманки, бундай ёғлардан бир нечтасини сотиб олишга етарли пул топишади. Футбол ўйнаб, «уюшганлар»га қўшилишдан кўра, ўзлари учун фойдали бўлган ишлар билан шуғулланишса ўзларига фойда эмасми?

Майли, тадбир қилишсин, менинг эътирозим йўқ. Лекин, сал бўлса ҳам фойдаси бўладиган тадбир қилишса, ана шунда иттифоқни ҳақиқий имиджига тўғри келади. Энди шу имиджни яратиш керак. Янгича, инновацион, ёшларга мос имидж яратиш учун ёш кадр керак. Иттифоқни тепасида ёш, креативликни, ўзбек миллатини ҳақиқий менталитетини кўрсатиб бера оладиган одам керак. Нима бўлса ҳам, асосийси, СССР «ҳавосидан нафас олмаган», миясига «қурт» тушмаган, рус пропогандасидан ҳоли бўлган одам ушбу курсига ўтирса бўлгани. Фикримча, ҳозирги «ака» «СССР ҳавосидан нафас олган»лардан бири.

Шуни қўшимча қилиш керак, яқинда ўтказилган Блогерлар чемпионати ғолибаси Шаҳноза Тўрахўжаева айтганларидек, бизга турли иттифоқлар керак. Уларга конкурентлар керак. Рақобат бўлган жойда албатта ўсиш бўлади, буни инкор этиб бўлмайди. Ёшлар ўртасида диний ишлар билан буниси шуғулланмаяптими, бошқа бири шуғулланади. Яна бошқаси бошқа йўналишда ўзини кўрсатади. Қарабсизки, ҳар бир иттифоқда ҳар йўналишда рақобат туфайли ўсиш кузатилади. Ва албатта, сал бўлса ҳам ёшлар учун фойдали бўлади.

ИМХО. Буларнинг барчаси ўта шахсий фикрларимдир, бу фикрларларга қўшилиш-қўшилмаслик ўзингизнинг ҳуқуқингиз. Биз ҳеч кимни ҳуқуқига тажовуз қилмаймиз.

Миржалол Қосимов

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here