Ўзбек–хитой вакцинаси атрофидаги машмашалар. Вакцина қандай яратилган эди?

356

Маълумки, ҳозирда Ўзбекистонда коронавирусга қарши фаол эмлаш жараёнлари кечмоқда. Мамлакат аҳолиси айни кунларда уч хил турдаги вакциналар билан эмланмоқда. Улар «AstraZeneca», «Спутник V» ва «ZF-UZ-VAC 2001» вакциналаридир. Энг кўп қўлланилаётган вакцина эса ўзбек–хитой олимлари томонидан тайёрланган «ZF-UZ-VAC2001» вакцинасидир. Мазкур вакцина кўпчиликнинг муҳокамаларига, иккиланишларига, шубҳаларига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда Тошкент «Асаб ва руҳият» илмий-тиббий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг йўллаган видеомурожаати қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеода Зарифбой Ибодуллаев Ўзбекистон ва хитойлик олимлар томонидан яратилган «ZF-UZ-VAC2001» вакцинасининг яратилиш босқичлари, вакцина яратилишида иштирок этган олимлар ҳақида маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли оммавий вакцинацияга нисбатан ўзининг салбий позициясини билдирган.

Профессорнинг видеомурожаатига жавобан Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати томонидан расмий баёнот берилди. Баёнотда Зарифбой Ибодуллаевнинг эътирозлари ноўринлиги ва бу каби видеоматериаллар Ўзбекистонда амалга оширилаётган оммавий вакцинация жараёнларидан аҳолини чалғитаётгани айтилади.

«Bugun.uz» қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистон–Хитой ҳаммуаллифлигида яратилган вакцина ҳақида батафсил ҳикоя қилади. Материални тайёрлашда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Санитария-эпидемиология хизмати ва интернетдаги очиқ манбалардан фойдаландик.

Фото: «Podrobno.uz»

Дастлаб, 2020 йилнинг 21 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ва «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди. 2020 йил 19 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази томонидан сифат назорати текширувларини ўтказиш учун тақдим қилинган вакцина, плацебо намуналари ва тегишли стандартлар ҳамда реагентлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат маркази томонидан қабул қилинди.

2020 йил 10 декабрь куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг учинчи синов босқичига старт берилди. Жараёнлар давомида Хитойдаги Ўзбекистон элчихонаси ёрдамида Ўзбекистонга «Zhifei» компанияси томонидан 6000 дона синов вакцинаси (50 фоиз ҳақиқий вакцина, 50 фоиз плацебо), 12 минг дона ПЗР тестлар, 8 минг дона антитаналарни аниқловчи тестлар ҳамда барча ишлатиладиган ёрдамчи материаллар (шприц, ниқоб, кўзойнак, криопробиркалар, ҳомиладорлик тестлари) олиб келингани маълум қилинди. 2021 йил февралида «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd» компанияси коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистонни ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади ва янги вакцинани «ZF-UZ-VAC 2001» номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва фойдаланилишга келишилгани билдирилди. 2021 йил 1 март куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши илк вакцина давлат рўйхатидан ўтказилди. 

Инфографика: «Bugun.uz»

Вакцина ҳақида

«ZF-UZ-VAC2001» вакцинаси COVID-19 вируси ташқи гликопротеинининг (яъни тождор қисмининг) рецепторга боғланувчи қисмини (инглизча қисқартма: NCP-RBD) махсус CHO рекомбинант ҳужайраларида биотехнологик технологиялар ёрдамида кўпайтирилиб, тозаланиб ва иммун жавобни кучайтириб берувчи алуминий гидроксиди қўшиш орқали тайёрланган. Вакцина  уч босқичда клиник синовлардан ўтказилди. Биринчи ва иккинчи босқич Хитойда, учинчи босқич Хитой ва Ўзбекистонда давом эттирилди. Вакцинанинг 3-босқич синовларида инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институти илмий жамоаси иштирок этган.

Синовларга Инновацион ривожланиш вазири, академик, генетик-олим Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлик қилган. Тадқиқот ишларида Илғор технологиялар марказининг қатор олимлари – биология фанлари доктори, професор Шаҳло Турдиқулова, биология фанлари доктори Алишер Абдуллаев, биология фанлари номзоди Дилбар Долимова, илмий ходимлар Музаффар Мўминов, Аброр Абдураҳимов ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институти директори Эркин Мусабоев раҳбарлигидаги тиббиёт ходимлари иштирок этган.  

Инфографика: «Бугун.уз»

Вакцинанинг яратилиш технологияси

Рекомбинант оқсил суббирликларига асосланган вакцина кафолатланган биохавфсиз вирусли нуклеин кисоталарнинг компонентларини ўз ичига олмайди. Вакцинани яратишда анъанавий мономерли RBD билан таққослаганда иммуногенликни сезиларли даражада оширадиган димерли RBD ноёб патентланган технологиясидан фойдаланилган. Махсус антигенни экспрессия қилиш учун генларни рекомбинация қилиш технологияси – яъни гепатит B ва E, папиллома, герпес билан боғлиқ ва бошқаларга қарши вакциналар ишлаб чиқаришда ишлатилган технологиядир. Ушбу технология ёрдамида ишлаб чиқарилган вакцинани бошқа коронавирус вакциналаридан фарқли равишда, «ZF-UZ-VAC 2001» препаратини одатдаги совутгич камераларида қулай тарзда сақлаш ва ташиш мумкин, чунки у ўта паст ҳарорат шароитларини талаб қилмайди. Тавсия қилинган ҳарорат оралиғи 2-8 даража бўлиб, икки йилгача сақланиши мумкин.

Инфографика: «Bugun.uz»

Вакцинанинг бошқа вакциналардан фарқи ва устунлиги

Ушбу вакцинанинг бошқа вакциналардан фарқи вакцина учун вируснинг тўлиқ ўзи (кучсизлантирилган ҳолати) ёки вирус геномининг бир қисми эмас, балки вируснинг айни ўпка ҳужайраларига боғланадиган оқсил қисми  танлаб олинганида.  Бу бизга қандай устунлик беради? Бу биринчи навбатда бошқа вакциналарга нисбатан хавфсиз. Яъни вируснинг кучсизлантирилган ҳолатидан ёки геномидан бир қисм олиб тайёрланган  вакциналар хавфли бўлиш эҳтимоли бор. Иккинчидан вакцина организмга киргандан сўнг организмдаги иммун ҳужайралар вирусга қарши антителалар ҳосил қилади. Вирус организмга тушган вазиятда организмдаги антителалар вирусга бирикади ва вируснинг ўпка ҳужайраларига бирикишини блоклайди. Антилелар бириккандан сўнг организмдаги Т-лимфоцитлар вирусни парчалайди.

Инфографика: «Bugun.uz»

Айни вақтда тадқиқотлар «ZF-UZ-VAC 2001» вакцинаси COVID-19 вирусининг  дунёда тарқалган африканча (501Y.V2) ва британча (D614G) вариантларидан ҳимоя қила олишини тасдиқламоқда.

Ҳаммуаллифлик Ўзбекистонга нима беради?

Вакцинанинг учинчи босқичи Ўзбекистонда ўтказилгани ва унда юртимиздан кўплаб олим ва шифокорлар иштирок этгани ҳисобга олиниб давлатимиз вакцинанинг ҳаммуаллифи сифатида эътироф этилди. Ҳаммуаллифлик бизга устуворлик ҳуқуқини беради, ўз навбатида биз бу ҳуқуқдан фойдаланиб исталган миқдордаги дозада вакцина олиб келишимиз мумкин. Бундан ташқари, Хитой Фанлар академияси ва «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси билан ҳозирда вакцинани биргаликда тижоратлаштириш бўйича келишувларга эришилди. Келишувга мувоффиқ вакцинани хорижий мамлакатларга экспорт қилишдан тушган даромаднинг 30 фоизи Ўзбекистонга тегишли бўлади.