«Болалар ўзини ташлаб юборай деяпти» — Президент мактабига кириш имтиҳонларидаги шароит ҳақида

266

Аввал хабар берилганидек, бугун Президент мактабларига кириш имтиҳонлари бошланди. Мазкур имтиҳон жараёнлари юртимиздаги карантин билан боғлиқ вазият сабабли очиқ майдонда ўтказилиши айтилган эди. Ижтимоий тармоқ фаолларидан бири бўлган ўқитувчи ҳамда блогер Исроил Тиллабоевнинг маълум қилишича, Фарғона вилояти бўйича имтиҳонлар Фарғона ва Марғилон шаҳридаги стадионларда ўтказилмоқда. Унинг таъкидлашича, очиқ майдон дегани  фақатгина стадионлар эмас, боғлар ҳам бўлаверади.

«Шу кунларда ҳаво ҳарорати одатдагидан 5-6 даража юқори бўлмоқда. Имтиҳонлар 8:00 да дейилган эди, лекин ана, мана деб 8:10 да бошланди. Имтиҳондан чиққунча 9:30 бўлди. Болалар эса 7:30 да стадионга киритилиб, жойлаштириб бўлинган эди. Энди ўйланг, икки соат сизни шу иссиққа ўтиргизиб қўйилса нима бўласиз?  Расмдаги кишининг кўйлагини сув бўлиб кетганини кўрдингизми? У киши салқинда жон сақлаб туриб шунчалик!  Ёки яна бир расмда шароит йўқлигидан (йўқ бўладиям-да, болаларга йўқ-ку, ота-оналар билан нима ишимиз бор, денг) битта дарахт соясида талашиб жипс турган кишиларни кўряпсизми,  катталар чидолмаяпмиз-ку!» дейди ўқитувчи.

Қуйидаги расм эса соат 9 ларда олинган бўлиб, унда ҳарорат 35 даражани кўрсатиб турибди. «Энди тасаввур қилаверинг, 30-35 даража иссиқда мияси суйилиб бориям чиқиб кетади. Узоқдан кузатиб турибмиз, болалар ўзини ташлаб юборай деяпти, чеккага олиб чиқиб тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», дея ушбу ҳолатни изоҳлаган Исроил Тиллабоев.

«Битта мактабга кириш учун, 24 та бола олувчи ўринга минглаб болалар шунчалик иссиқда қийналяпти,  тўғри,  бу барча учун орзу бўлган энг яхши мактаб. Лекин барибир булар 10-11 ёшли болалар-ку?! Жараёнлар яхшироқ ташкил қилинса бўлмасмиди? Бўларди, албатта! Ўша имтихон ўтган стадионни йўлини шундоқ бу томонида ал-Фарғоний боғи бор,  мана кейинги суратларни кўринг» дея стадиондан бир мунча салқин шароитга эга боғ расмлари илова қилинган. 

Тиллабоевнинг таъкидлашича, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Президент ва ижод мактаблари агентлиги биргалашиб мана шу салқин боғни ташкилласа бўларди. «Атрофига икки қатор лента, 10-15  та кўп ички ишлар ходими кетади холос,  ҳар холда бутун вилоят болалари иссиқда куйиб, пишиб тест ечмасди, бир кунлик имтиҳонни деб бирон касал бўлиб қолишдан сақланарди», деган у. Шунингдек у Тошкентдаги имтиҳонлар Ботаника боғининг салқин жойларида ташкилланганини айтиб, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги нега пойтахт болаларини салқинга,  вилоят болаларини эса иссиққа қўйишларига индамаганликларини сўраган.

Бир қанча халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган ўқувчи ёшларнинг устози Исроил Тиллабоев айтганидек, шу болалар ҳаммамизнинг болаларимиз, навниҳоллар. У тиббиёт олимларига шу иссиқ ҳароратнинг болалар соғлигига зиёни йўқми, деб савол берган ва «зиён қилмайди», дейишса, рози эканини айтган. Яна айтилишича, болаларни имтихонга киритиб юборишда ота-она ва болалар орасида ярим сантиметр ҳам жой йўқ, лекин имтихонга киргач икки метр жойга масофа сақлаб қўйилгани мантиқсиз ҳолат ҳисобланади. И. Тиллабоев болалар соғлиги керак бўлса  зудлик билан ушбу имтихонларни салқин жойга, боғларга кўчиришларини ота-оналар ва ўқитувчилар номидан талаб қилган.

Ушбу ҳолатга ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири, ёзувчи Муаззам Иброҳимова болаларнинг бундай шароитда қолдирилиш уларнинг соғлиғига зарар эканлигини маълум қилган.

«Ёз мавсумида офтоб уриши – қуёш иссиқлигининг бошга таъсири натижасида бош мия фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ патологик ҳолат саналади. Бундай ҳол тананинг ортиқча миқдордаги иссиқликни бошқара олмаслиги ва ўзини етарли даражада совута олмаслиги оқибатида келиб чиқади. Натижада организмда тер ишлаб чиқариш тизимининг бузилишидан ташқари қон айланиш фаолияти издан чиқади. Томирлар кенгайиб кетади. Натижада бутун танада қон айланиши секинлашади. Бу эса бош мия фаолиятида салбий ўзгаришларга олиб келади», деган Муаззам Иброҳимова.

Президент мактабларига кириш имтиҳонлари жараёнидаги бу каби ноқулайликлар ҳақидаги хабарларга Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова ўзининг телеграм каналида муносабат билдирган. Унда айтилишича, имтиҳонлар ўтказиладиган ҳудудлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 майдаги 7-сонли мажлис баёни асосида белгилаб берилган. Бунда имтиҳонни ўтказишга масъул барча ташкилотлар томонидан мазкур ҳудудларнинг видео-кузатув, интернет, электр ва бошқа шу каби шарт-шароитлар билан таъминланганлиги инобатга олинган. Шу билан бирга, мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда имтиҳон давомийлиги 90 дақиқадан 60 дақиқага қисқартирилди. Шунингдек, ота-оналар шахсий масъулиятини оширишга ва ижтимоий масофа сақлашга мунтазам даъват этилаётгани таъкидланган.

Бироқ Исроил Тиллабоев таклиф қилганидек, имтиҳонларни салқин боғ ҳудудида ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги таклиф бўйича аниқ жавоб берилмаган.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, юқорида айтилган имтиҳонлар вақтида фарзандларини кутаётган ота-оналар ва ўқитувчилар учун кутиш жойлари ҳам ташкил этилмаган. Улар фарзандларини кўчада ёки стадион яқинидаги ошхонада кутганликларини маълум қилишган.

Нафақат болалар, балки катта ёшдаги кишилар учун ҳам қийинчилик туғдираётган бугунги иссиқ ҳароратни ҳисобга олиб, имтиҳон ўтказиладиган ҳудудларни қайта кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, имтиҳон ўтказиладиган ҳудудларга қўйилган видео-кузатув, интернет, электр ва бошқа шу каби шарт-шароитлар билан таъминланганлиги ҳақидаги талабларга ҳаво ҳароратининг ноқулайлиги ҳам ҳисобга олинса, нафақат адолатли, балки имтиҳонга келган ўқувчи ёшларнинг саломатлигига берилган эътибор ҳам ҳисобланади.