«Толибон» билан тўқнашувлардан кейин 46 нафар Афғонистон ҳукумати ҳарбийсининг Покистонга қочиб ўтгани ва бошпана сўрагани маълум бўлди

204

Покистон Читрал вилоятининг Арунду секторига 46 нафар Афғонистон ҳукумати ҳарбийсининг хавфсиз ўтишини таъминлаб бергани маълум бўлди. Бу ҳақда Pajhwok ахборот агентлиги хабар қилган.

«Афғонистон қўшини қўмондони Покистондаги ҳамкасбидан 46 нафар миллий армия ва чегара полицияси ҳарбийсига хавфсиз ўтиш ҳамда бошпана бериш ҳақида мурожаат қилган. Покистонга ўтган ҳарбийлар орасида беш нафар зобит ҳам бор, улар Афғонистондаги беқарор вазият туфайли икки мамлакат чегарасидаги ўз постларини муҳофаза қила олмаган», — дейилади агентлик хабарида.

Қайд этилишича, афғонистонлик ҳарбийлар оқшом пайтида Читралдаги Арунду секторига етиб келган.

«Афғонистон ҳукумати билан зарур ҳарбий жараёнлар бўйича мулоқотдан кейин орасида 5 нафар зобит ҳам бўлган жами 46 нафар ҳарбий Покистон ҳудудига хавфсиз ўтиб олди. Афғонистонлик ҳарбийларга озиқ-овқат, бошпана ва ҳарбий меъёрларга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилган», — дея қўшимча қилган агентлик.

Афғонистонлик ҳарбийлар тегишли ҳуқуқий жараёнлар амалга оширилганидан кейин ортга қайтарилади.

Шунингдек, Pajhwok ахборот агентлиги 1 июлда ҳам 35 нафар афғон аскари Покистон армиясидан бошпана сўрагани ва улар ҳам чегара яқинидаги постни «Толибон» вакилларига бой берганини эслатган. Улар ҳам Покистон ҳудудига ўтган ва кейинчалик халқаро меъёрларга мувофиқ Афғонистонга қайтарилган.

Афғонистон ҳарбийлари, тинч аҳоли вакилларининг бошқа қўшни давлатлар — Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари ҳам тез-тез содир бўлиб турибди