Дунёнинг энг машҳур инвесторларидан бири бўлган Жим Рожерс Ўзбекистонга эътибор қаратмоқда

234

Дунёдаги энг машҳур инвесторлардан бири, Rogers Holdings раҳбари Жим Рожерс Ўзбекистонга эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда Forbes’га таяниб Spot хабар берди.

«Мен янги Ўзбекистон ҳамон Ғарбда деярли номаълум бўлса-да, унинг катта ишқибозиман. Авваллари мамлакатда диктатура эди, аммо янги ҳукумат нима қилаётганини биладиган кўринади. Улар сўнгги бир неча йилда эришга ютуқлар мақтовга лойиқ», — дейди Рожерс.

Унинг таъкидлашича, иқтисодиёт ниҳоят очилган ва халқаро инвесторлар бу каби янги имкониятлардан, албатта, фойдаланади. «Мен уларнинг хусусийлаштириш бўйича эълон қилинган режалари ва IPO’ларини диққат билан кузатиб бораман», — деган Рожерс.

Америкалик инвесторга биринчи навбатда энергетика, металл ва қишлоқ хўжалиги қизиқ, бироқ Ўзбекистонда у бундан-да кўпроқ ишларни амалга оширишга тайёр.

«Айниқса, мени уларнинг туристик потенциали қизиқтиради. Уларнинг авиакомпанияси хусусийлаштирилса, албатта, ўйлаб кўраман. Uzbekistan Airways — қизиқарли инвестицион кейс», — дея таъкидлаган Рожерс.

Шунингдек, у меҳмонхоналарга ҳам қизиқишини билдирган, чунки Ўзбекистон Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусида муҳим ўринни эгаллайди.

«У ерда жуда жозибадор туристик йўналиш мавжуд. Шундай экан мен қидиряпман», — дейди Rogers Holdings раҳбари.

Жим Рожерс — дунёдаги энг машҳур инвесторлардан бири бўлиб, 1970 йилларда у Жорж Сорос билан биргаликда Quantum Fund фондига асос солган. Ўз навбатида фонд ўн йил ичида инвесторларга 4200 фоиз даромад олиб келган. Шунга қарамай, Рожерс 1980 йилда Уолл-Стритни тарк этган ва саёҳатлар билан шуғулланишга ўтган. 2014 йилдан бери Рожерс фаол равишда Россия активларига сармоя киритмоқда — хусусан, Москва биржаси, «ФосАгро» ва «Аэрофлот».