ЖССТ коронавируснинг дельта штамми туфайли туризмдан воз кечишга чақирди

207

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) билан биргаликда коронавируснинг дельта штамми сабабли бу ёзда туризмдан бутунлай воз кечишга чақирди.

Уларнинг баёнотига кўра, SARS-CoV-2’нинг дельта варианти «Европани кезиб юрибди» ва одатдаги штаммларни сиқиб чиқармоқда. Потенциал сайёҳлар инфекцияни юқтиришнинг олдини олиш бўйича ҳаракатларни кучайтиришга чақирган.

«2021 йил 28 июндан 11 июлгача бўлган даврда дельта штамм катта устунлик кўрсатди — 28 мамлакатдан 19 таси генетик секвенлаш тўғрисида етарлича тўлиқ маълумот берган. Дельта штаммининг ўртача улуши 68,3 фоизни ташкил этган, бу эса илгари устувор бўлган алфа штамм кўрсаткичидан 22,3 фоиз юқори», — дейилади ЖССТ баёнотида.

ЖССТ ва ECDC мутахассислари дельта штамм Европанинг деярли барча мамлакатларида қайд этилганини таъкидлади. Шунингдек, ушбу штамм тарқалишда давом этмоқда ва бошқа вариантларни сиқиб чиқармоқда.

«Биз пандемияни тугатиш нуқтаи назаридан вазиятни назоратга олишдан йироқмиз. Бундан ташқари, минтақамиздаги кўплаб мамлакатларда дельтанинг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатлар сезиларли даражада кўпайганига гувоҳ бўляпмиз», — деди ЖССТнинг Европа бўйича ҳудудий директори Ханс Клюге.

Шунингдек, у ёзда инфекциянинг, хусусан, дельта штаммининг тарқалиш хавфини камайтириш учун сафарга чиқиш ва узоқ масофаларга саёҳат қилишни чеклашга чақирди.

«ЖССТ мамлакатларга бепул тестлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни, кишиларнинг вирус юқтиргани тасдиқланган тақдирда уларни карантин ва изоляцияга олиш чораларини кенгайтиришни, вирус юқиш занжирини узиш учун контактларни кузатишни кучайтиришни ва аҳоли орасидаги хавфли гуруҳларни коронавирусга қарши эмлашни таъминлашни тавсия қилади», — деди Клюге.

Унинг сўзларига кўра, дельта штамм ўта юқумли, эмланмаган одам бу штаммга дуч келганда касал бўлмай қолмайди.

ECDC директори доктор Андреа Аммон аҳолини ва потенциал сайёҳларни «уйда ўтириб» курашни давом эттиришга, яъни «вирус тарқалишининг олдини олиш учун ақл билан иш қилишга» чақирди.