Қарши халқаро аэропортидан Россияга учиши керак бўлган самолётнинг юки оғирлиги сабаб рейс қолдирилди. Чипта сотиб олган йўловчилар сарсон бўлмоқда

211

Қарши халқаро аэропортидан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига учиши керак бўлган самолёт юки оғирлиги сабаб рейс қолдирди. Бу ҳақда «Дарё»га айни пайтда аэропортда бўлиб турган йўловчилар хабар берди.

Таъкидланишича, Қаршидан Санкт-Петербургга йўл олиши керак бўлган самолёт бугун, 27 июль куни соат 05:20 да ҳавога кўтарилиши керак бўлган.

«Бироқ кўп йўловчиларга чипта сотилгани ва кам сиғимли самолёт келгани боис йўловчилар ва йўловчиларнинг юки самолётга оғирлик қилмоқда. Шу боис россиялик учувчи учишдан бош тортмоқда», — дейди муаммо ҳақида хабар берган йўловчилардан бири Дилшод Хуррамов.

Йўловчининг маълумот беришича, аэропорт ходимлари йўловчиларга самолётга чиқишни, юки оғир бўлса-да, самолёт манзилга кетишини маълум қилган. Бироқ россиялик учувчи бу ҳолатда учмаслигини, хавфли эканини билдирган.

«Аэропорт масъуллари, ИИБ ходимлари йўловчиларга аэропорт ичкарисига кириб ўтиришни таклиф қилмоқда. Йўловчилар эса рейс қолдирилгани боис билетга сарфлаган пули куйишдан хавотирда», — дейди Дилшод Хуррамов.

Дилшод Хуррамовнинг маълумот беришича, айни пайтда аэропорт ҳовлисида 200 га яқин йўловчи манзилга кетишини айтиб, аэропорт масъулларидан самолёт топиб беришни сўрамоқда.

«Мана соат 09:42 бўлди. Бизнинг рейс соат 05:20 да эди. Россиялик учувчи менинг иш вақтим тугади, деб энди учишни ҳам рад этмоқда. Аксарият йўловчилар узоқ туманлардан бўлгани сабаб Қарши халқаро аэропортига кечки соат 01:00 да келган. Ҳозир ҳамма оч ва асаби таранглашган», — дейди рейси қолдирилган йўловчилардан яна бири Дониёр Абдурасулов.