Ҳукумат қарори лойиҳаси: ОТМда магистратура фаолияти янада такомиллаштирилади

0
120

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тизимида магистратура фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди, деб ёзади Kun.uz

Ҳужжатга кўра, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида магистратурада кадрлар тайёрлаш икки:

ишлаб чиқариш (камида бир йил) йўналишида магистрларни тайёрлаш умумий курслардан бирлашган маърузалар ҳамда мутахассисликка мос корхона ёки ташкилотлар базасидаги амалиётлар асосида;

илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишда магистрларни тайёрлаш умумий курслардан бирлашган маърузалар асосида назарий билимлар ҳамда фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари (илмий-ижодий ишлар)га мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Магистратура таълими мос бакалавриат таълим йўналишлари негизида назарий билимларнинг ягона дастури ва режаси асосида, фундаментал ва амалий тадқиқотлар мутахассислик талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил қилинади.

Белгилаб қўйилишича:

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида магистратура мутахассисликлари бўйича қабул квоталари (ишлаб чиқариш, илмий-педагогик йўналишлар бўйича) кадрлар буюртмачилари томонидан берилган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, олий таълим муассасаси таклифлари асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;
иш берувчи ташкилотлар талаблари асосида илмий-педагогик йўналишда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш фақат давлат гранти асосида амалга оширилади;
илмий-педагогик йўналишда мақсадли тайёрланган мутахассислар магистратурани битиргандан сунг иш берувчи ташкилотда камида 5 йил (таянч докторантурада ўқиш вақтидан ташқари) ишлаб беради;
қўшма магистратура дастурлари бўйича қабул Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардаги олий таълим муассасаларининг келишуви асосидаги қабул квоталари доирасида амалга оширилади;
магистратурада талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдори уларни ўқитишга сарфланадиган жами харажатлардан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаси томонидан белгиланади;
магистратурада бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбати олий таълим муассасаларида таълим соҳалари блоклари ва шакллари бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбати нормативларининг 50 фоизи миқдорида белгиланади;
ўқув йили якунларига кўра магистратура ўқув режасида белгиланган фанлардан, ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётлардан етарли рейтинг балини тўпламаган талабалар курсида қолдирилади ва давлат гранти асосида қабул қилинган талабаларга ўз ҳисобидан тўлов-шартнома асосида ўқишни давом эттириш имконияти берилади;
хорижий мамлакатларда 6 ойгача бўлган муддат (бир семестр) стажировкада бўлган магистратура талабаларига ўқув режасида белгиланган фанларни шахсий режа асосида эркин ўзлаштириш имконияти берилади.     магистратура талабалари томонидан амалга ошириладиган илмий тадқиқот ишлари давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларида олиб борилганда бепул, нодавлат ташкилотларида олиб борилганда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади;
магистратура талабалари илмий тадқиқот ишларни олиб бориши учун барча архив, музей ҳамда ахборот-ресурс марказлари маълумотлар базасидан бепул фойдаланади;
магистрлик диссертацияларининг ҳимояси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва тармоқ илмий тадқиқот институтлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этилади;
магистратурани имтиёзли тамомлаган талабалар Олий таълим муассасасининг Кенгаши қарори асосида таянч докторантурага синовларсиз қабул қилинади;
магистрлик диссертациясини ҳимоя қилмаган талабаларга мутахассислиги бўйича таълим олганлиги тўғрисида маълумотнома ва беш йилгача бўлган муддат давомида бир марта магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилади.

Олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here