Ички ишлар вазири матбуот котиби, вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳрух Ғиёсов карантин режими вақтида фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан келиб тушаётган савол ва мурожаатларга жавоб берди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан бири қуйидаги савол билан юзланди:

– Пропискам Тошкент шаҳарда. Лекин, ўзим шаҳар чегарасидан 500 метр узоқликда – Қибрай туманига қарашли ҳудудда яшайман. Лицензия билан кириб-чиқишда муаммо бўлмайдими?

Шоҳруҳ Ғиёсов: – Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 34-сон йиғилиш баёнининг 2-банди биринчи хатбошининг учинчи кичик бандига кўра, автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланиши мумкин. Бунда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши давомида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилиши белгиланган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан бири қуйидаги савол билан юзланди:

– Вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари ёпиладиган бўлса, Тошкент шаҳрида рўйхатда турувчи шахслар вилоятлардан келиб, пойтахтга кира олишадими?

Шоҳруҳ Ғиёсов: – Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 34-сон йиғилиш баёнининг 2-банди биринчи хатбошининг биринчи кичик бандига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилган бўлиб, Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб чиқиш бундан мустасно эканлиги белгиланган.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA