«UzAutoMotors» АЖ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб комиссиясига депутат Расул Кушербаев устидан шикоят хати юборган. Бунга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ғаниев Дониёр Авазович ўз муносабатини билдирди.

Кушербаев компания ва унинг фаолияти ҳақида асоссиз фикрлар билдириш орқали «UzAutoMotors»нинг «ишчанлик обрўсига» путур етказганмиш, йўқ обрўга қандай путур етказиш мумкин, дея ҳайратини яширмаган депутат.

Таъкиданишича, кеча Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий фракцияси йиғилишида ушбу шикоят хати кўриб чиқилди. Унда фракциянинг барча депутатлари бир овоздан Кушербаевни қўллаб-қувватлашди. Зеро, «UzAutoMotors» АЖ ҳақида Кушербаевнинг билдирилган фикрлари қанчалик ҳақиқатга яқинлигини унга бўлган халқнинг муносабати кўрсатиб турибди.

«UzAutoMotors» АЖ эса йиллар давомида давлатнинг ўнлаб триллион сўмлик имтиёз ва преференцияларидан фойдалангани, истеъмолчилар ҳуқуқларини доимий камситиб келгани етмаганидек, энди унга нисбатан халқнинг, депутатларнинг, жамоатчиликнинг танқидларини рад этиб, ўзи тушиб олган кўлмакдан чиқишни истамаслиги бу компаниянинг қанчалар юзсиз эканлигини кўрсатиб қўйди, деди Дониёр Ғаниев.

Қолаверса, бир неча кун аввал Монополияга қарши курашиш қўмитасининг «UzAutoMotors» АЖ фаолиятига оид текшируви натижалари бўйича махсус комиссияси муҳокама йиғилишида компаниянинг бир қанча кирдикорлари ошкор бўлган эди. Йиғилишда кўтарилган масалалар якунига кўра компания 2020 йилда автомобиль таннархларини шакллантиришда жами 1,1 трлн сўмдан кўпроқ асоссиз харажатлар ҳисобланганлиги текширув давомида аниқланган. Бу эса ўртача ҳисоблаганда ҳар бир автомобиль таннархи камида 4-5 млн сўмгача асоссиз оширилганини англатади.

Шундай экан, «UzAutoMotors» АЖ депутат устидан шикоят қилиб, гапни айлантиргунча Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан аниқланган 1,1 трлн сўм бўйича аниқ фактлар асосида ҳисоб берса яхши бўлармиди?

Кушербаев ҳам депутат, ҳам фуқаро сифатида ўзининг конституциявий ҳуқуларидан фойдаланган ҳолда ўз фикрини билдирди. «UzAutoMotors» АЖ эса унинг бу ҳуқуқларидан фойдаланганлигини қораламоқда. Бу эса муҳтарам президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсий ўзгаришлар, хусусан, мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, кучли демократик давлат қуриш йўлидаги ислоҳотларга зиддир.

PS: Aгар бу гапларим билан мен ҳам «UzAutoMotors»нинг «обрўсига путур етказиб, уларнинг пахтадек юмшоқ кўнглига озор берган бўлсам», илтимос, овора бўлиб шикоят юбориб юришмасин. Ўзим олдиндан узр сўраб қўя қоламан, дея сўзларини якунлаган депутат.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA