“Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида (2020 йил 11 август, № 473) Ўзбекистон Ренспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди.

Ушбу қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тизимида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи ташкил этиш белгиланди.

Лицейнинг асосий вазифалари этиб ўқувчиларда ҳалоллик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари шахсий хислатларини, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш;

Ўзбекистон халқига содиқ қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ўқувчиларни тарбиялаш;

Интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар ва замонавий ахборот технологиялари бўйича мустаҳкам билимларни шакллантириш, шунингдек, ўқувчиларда ҳарбий ишдаги бошланғич билимларни сингдириш;

жисмонан ривожланган, чидамли, мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни тайёрлаш мақсад қилинган.

Мазкур лицей Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати муассислигидаги давлат таълим муассасаси ҳисобланади.

Лицейга қабул ва ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади. Ўқув жараёни давомийлиги икки йил бўлиб, йиллик қабул квотаси 100 нафарни ташкил этади.

Таълим давлат, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Лицейга умумтаълим мактабларнинг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган эркак жинсли фуқаролар ўқишга қабул қилинади.

Саралаш танлови дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат. Тест синовлари ДТМ томонидан олинади.

Лицей Термиз давлат университети ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясига бириктирилади.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA