Керак бўлса, Россия ядро қуролидан фойдаланади – Медведев

156

image

Россия у билан душманлик қилаётган қўшниларида ядро қуроли пайдо бўлишининг олдини олиш учун ҳамма ишни қилади. Бу ҳақда Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев маълум қилди.

“Биз душман қўшниларимизда ядро қуроли пайдо бўлишининг олдини олиш учун ҳамма нарсани қиламиз. Масалан, бугунги кунда НАТО давлатлари томонидан бевосита назорат қилинадиган фашистлар Украинасида”, деб ёзган Медведев ўзининг Telegram  каналида.

Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 

“Россия зарур бўлса, ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Олдиндан белгиланган ҳолларда. Ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати асосларига қатъий риоя қилган ҳолда”, деб ёзган сиёсатчи.

Шунингдек, у замонавий қурол-яроғларни етказиб бериш Россияга нисбатан нафрат билан боғлиқ бўлса-да, Ғарб учун шунчаки бизнеслигини айтиб ўтган.

Медведевнинг таъкидлашича, АҚШ Президенти Жо Байден ва Буюк Британия Бош вазири Лиз Трасс, шунингдек, бошқа Ғарб сиёсатчилари “Атлантика тупугини сачратиб”, Россиядан қўлини ядро тугмасидан олиб ташлашни талаб қилмоқда. 

“Агар Россия ядро қуролидан фойдаланса, барчаси биргаликда бизга даҳшатли оқибатлар билан доимо таҳдид қилмоқда”, дейди у.

Бундан ташқари, у Лиз Трасс ҳатто Россия билан ядровий зарбалар алмашишни зудлик билан бошлашга тайёрлигини эълон қилганини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Путин халқига мурожаати давомида, у Россия хавфсизлигига таҳдид қилувчиларга ядровий қурол билан жавоб беришдан ҳам тап тортмаслигини айтган эди.