Тошкентда номаълум эркак ва аёл дренаж панжараларини ўғирлаб кетди

134

Тошкент шаҳар ИИББ Шайхонтоҳур туманида номаълум эркак ва аёл дренаж панжараларини ўғирлагани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда номаълум эркак ва аёл Абай кўчасида ўрнатилган дренаж панжараларини ўғирлагани акс этган видео тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Маълум қилинишича, 26 сентябрь куни Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга 44 ёшли Тохир З. ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида Абай кўчасидаги бетон ариқча устига ўрнатилган дренаж панжаралар йўқолганини билдириб, уларни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Тезкор тадбир давомида воқеа жойида ўрнатилган видеокузатув камера ёзувлари ўрганилган. Шахсига аниқлик киритилаётган эркак ва аёл ўзларининг бошқарувида бўлган оқ рангли Matiz русумли автомашинага мазкур темир панжараларни ортиб кетгани аниқланган.

«Ҳозирда ўғриликда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом эттирилиб, терговга қадар текширувлар ўтказилмоқда. Унинг натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқандда меҳмонхона ходими иш бошқарувчининг сумкасидан 12 миллион сўм ўғирлагани аниқланганди. Гумонланувчи ўғирлаган пуллардан 6 миллион сўмини ўз ихтиёри билан қайтариб берган. Шунингдек, Фарғонада аёл ўзганинг уйидаги сандиқдан 3,4 минг доллар ўғирлагани аниқлангани, Сирдарёда эркак ўғриликка тушган уйида аёлни бир неча маротаба пичоқлаб ўлдиргани тўғрисида хабар берилганди.