30 йил Қорабоғда қирғин қилган Арманистон энди демократияни эслаб қолди

154

image

Озарбайжон Арманистоннинг суверен ҳудудига ҳужум қилиб, арман демократиясига таҳдид солмоқда. Бу ҳақда мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян Вашингтонда маҳаллий таҳлилий марказлар ходимлари билан учрашувда маълум қилган. 

“Учрашувда Григорян Озарбайжон томонидан Арманистон суверен ҳудудига нисбатан амалга оширилган кенг кўламли тажовуз ва унинг оқибатларини тақдим этиб, Баку бу қадами билан Арманистон суверен ҳудудига бостириб кираётгани ва Арманистон демократиясига таҳдид солаётганига ишора қилган. Хавфсизлик кенгаши котиби Ереваннинг демократия йўлидан бориш қатъиятини таъкидлаган”, деб хабар бермоқда Арманистон Хавфсизлик кенгаши Матбуот хизмати. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 сентябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Францияга бориб, Президенти Эммануэль Макрон билан билан учрашди ва музокаралар якунида ўтган матбуот анжуманида Озарбайжон совет давридаги чегараларига қайтиши кераклиги ҳақида гапирди.

Пашиняннинг сўзлари ортидан Озарбайжон ТИВ ҳам баёнот билан чиқиб, Арманистоннинг реваншистик позицияси Жанубий Кавказдаги вазиятни нормаллаштиришга уринишларга жиддий путур етказишини урғулади. Департаментнинг таъкидлашича, Ереван ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаяпти, жумладан, қолган қуролли тузилмаларини Озарбайжондан олиб чиқмаяпти, шунингдек, янги ҳудудларни миналаштиряпти. Буларнинг барчаси минтақа тинчлиги ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.

Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.