Сўровнома: Ўзбекистонда 2018 йилга қандай ном берилиши мумкин?

0
63

Бугун, 7 декабрь куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрамига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтади, деб ёзади Kun.uz

Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилади. Маълумки, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан республикамизда 1997 йилдан буён Конституция куни байрами арафасида кириб келадиган янги йилни номлаш анъанага айланган.

Бугун ҳам ушбу анъанага мувофиқ,  Шавкат Мирзиёев 2018 йил номини эълон қилиши кутилмоқда.

Kun.uz сайти бир кун олдин бу борада сўровнома ўтказди.

Унда ўқувчиларга 6та вариант таклиф этилганди. Сўровномада 6 мингга яқин киши иштирок этди. Сайт ўқувчиларининг кўпчилик қисми 2018 йил Ўзбекистонда «Тадбиркорлар ва сармоядорларни қўллаб-қувватлаш йили» бўлишини исташади (35 фоиз/2 мингдан ортиқ киши). Шунингдек, «Ислом маданиятини юксалтириш йили» (25 фоиз) ва «Таълим тизимини такомиллаштириш йили» (18 фоиз) таклифлари ҳам кўпчилик томонидан маъқулланган. Сўровномада «Инновацион ривожланиш ва юксалиш йили» (11 фоиз), «Туризмни ривожлантириш йили» (6 фоиз) ва «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили-2» (5 фоиз) таклифлари бўйича муносабат ҳам сўралганди.

1997-2017 йиллар оралиғида қуйидагича номлар берилган:

1997 йил – Инсон манфаатлари йили

1998 йил – Оила йили

1999 йил – Аёллар йили

2000 йил – Соғлом авлод йили

2001 йил – Оналар ва болалар йили

2002 йил – Қарияларни қадрлаш йили

2003 йил – Обод маҳалла йили

2004 йил – Меҳр ва мурувват йили

2005 йил – Сиҳат-саломатлик йили

2006 йил – Ҳомийлар ва шифокорлар йили

2007 йил – Ижтимоий ҳимоя йили

2008 йил – Ёшлар йили

2009 йил – Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили

2010 йил – Баркамол авлод йили

2011 йил – Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили

2012 йил – Мустаҳкам оила йили

2013 йил – Обод турмуш йили

2014 йил – Соғлом бола йили

2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили

2016 йил – Соғлом она ва соғлом бола йили

2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA