Назарбоев компанияларни уларнинг пулларини чет элдан қайтаришини айтиб қўрқитди

0
34

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 6 декабрь куни, Остонада, Саноатлаштириш кунига бағишланган телекўприк давомида Қозоғистондаги компанияларни пуллар «йўқолиб кетишининг олдини олиш» мақсадида пулларини хориждан қайтариб олишга чақирди.

Унинг сўзларига қараганда, бугунги кунда «мамлакатнинг 18та компанияси 12,5 миллиард долларни чет элда ушлаб турибди». «Бу пуллар иқтисодиётимизга ёрдам берган бўларди, Қозоғистонга хизмат қилган бўларди», — деди Назарбоев.

«Бугунги ҳаётимизда, қонунлар турбулентлиги мавжуд бўлган бир шароитда, сиз хорижда сақлаётган пулларингизни йўқотиб қўясиз. Санкциялар шароитида ҳеч ким сизга ёрдам бермаслигини кўраяпсизми, ахир. Пулларни қайтаринг ва уларни Қозоғистонда сақланг, — деди Назарбоев. — Сизга қандай кафолат керак — қонунлар биланми, фармонлар биланми? Мен буни қиламан. Ўзингиз қилмасангиз, биз ўзимиз қиламиз — кейин хафа бўлманг».

Назарбоев айнан қайси пуллар ҳақида гап бораётганини аниқ айтмади, лекин: «Эркаланишгани етар, ўйинқароқликни бас қилишсин. Яхталар сотиб олиб ташлашди, бошқа мамлакатларда коттежлар, уйлари бор. Биз ҳали ҳеч кимни текширганимиз йўқ, пул ишлаб олишларига имконият бермоқчи эдик. Лекин бу нарсаларнинг ҳаммасини сизга мамлакат берган. Агар бош вазир бунинг охирига етмаса, ўзим тагига етаман».

Назарбоевнинг бу баёноти, ўтган ойда Журналистлик терговлари халқаро консорциуми ҳамда Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази (OCCRP) Paradise Papers («Жаннат ҳужжатлари») ҳужжатлар тўпламини эълон қилганидан сўнг, айтилмоқда.Бу ҳужжатларда оффшор компанияларининг 13,4 миллионта рўйхатга олиш ҳужжатлари бор. Офшорларнинг эгалари сифатида бир неча нафар қозоғистонликлар ҳам эслатилган.

 

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmaa_ECIP2kiTA