АҚШда ОТМга киришдаги порахўрлик фош қилинди

0
68

АҚШ Адлия вазирлиги Америка ОТМларига киришдаги порахўрликларни фош қилди. Ота-оналар, жумладан бир қанча машҳур актёрлар болаларининг ўқишга киришлари учун воситачиларга 15−75 минг доллар тўлаган.

АҚШ Адлия вазирлиги Йель, Калифорния ва Стэнфорд университетларига киришдаги порахўрлик ҳолатлари фош қилинганини маълум қилди. 50 киши, жумладан актрисалардан Фелесити Хаффман («Умидсиз уй бекалари») ва Лори Лафлинга («Лиқ тўла уй») нисбатан айблов эълон қилинган, дея хабар берди Meduza.

Коррупцион схема марказида — Уильям Сингер — ОТМларга киришга тайёргарлик билан шуғулланувчи компания ҳамда хайрия ташкилотлари раҳбари ўрин олган. Поралар эса унга хайр-эҳсон кўринишида етказиб турилган. Айблов ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, Сингер ўз айбини тан олган ва ким билан ишлагани, кимга ёрдам бергани тўғрисида кўрсатма берган.

Америка ОТМлари талабаларни қабул қилишда ҳисобга олинувчи SAT ва ACT тестларини топширишдаги қаллобликлар учун ота-оналар 15−74 минг доллар тўлаган. Сингер режасига кўра, болалар ўқишда қийналаётгани баҳонасида имтиҳонларни кечиктиришга эришган, сўнгра улар Техас ёки Калифорниядаги Сингернинг таниш администраторлари бўлган мактаблардан бирини танлашган. Коррупцион ҳалқанинг яна бир иштирокчиси имтиҳон куни тўғри жавобларни берган, тестдан кейин хатоларни тўғрилаган ёхуд унинг ўзи абитуриент учун имтиҳон топширган.

Айнан ушбу схемада Фелесити Хаффман ҳам иштирок этган. 2017 йил сўнгида Сингер 15 минг доллар эвазига актрисанинг қизига имтиҳонларда яхши натижаларни қайд этишига ёрдамлашган. Лос-Анжелосда бўлиб ўтган суд Хаффманга 250 минг доллар гаров тайинлади.

Сингер ОТМлардаги мураббийлар билан келишган ҳолда ҳам ўқишга киришни кафолатлаган. Мураббийлар пора эвазига болаларни спортда реал муваффақиятларга эришган-эришмаганидан қатъи назар спортчи сифатида танлаб олган. Сингер ташкилоти ходимлари ўсмирларнинг спортда эришган муваффақиятлари тўғрисида сохта ҳужжатлар, жумладан уларнинг спорт билан шуғулланаётгани тасвирланган фотосуратларни тайёрлаган.

Баъзида ота-оналарнинг ўзлари, масалан актриса Лори Лафлин ва унинг турмуш ўртоғи Моссимо Жанулли саҳналаштирилган тасвирларни тақдим этган. 2016−2017 йилларда актрисанинг қизлари эшкак эшиш спорти жамоаси аъзоси сифатида Жанубий Калифорния университетига қабул қилинади. Исбот сифатида эса оила қизларининг эшкак эшиш спорти билан шуғулланаётгани тасвирланган фотосуратларни жўнатади. Оила қизларнинг ўқишга киришлари учун Сингернинг ҳисобига 500 минг доллар ўтказиб беради.

Тергов маълумотларига кўра, аксарият ҳолатларда болалар фирибгарлик йўли билан ўқишга кирганини билишмаган. Шу боис болалардан ҳеч бирига нисбатан айблов эълон қилинмади. Адлия вазирлиги талабаларга қандай муносабатда бўлишни ОТМларнинг ўзлари ҳал этишларини маълум қилди.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here