ИИВ экология учун зарарли транспортдан фойдаланилишининг олдини олади

0
124

Янги қонун билан атмосферага зарарли таъсир кўрсатилишини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш ва ундан фойдаланиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

2019 йилнинг 13 март куни «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга тузатишлар киритилгани ҳақида хабар бергандик. Мазкур ўзгартиришлар уч ой ўтгач кучга киради, дейилади Norma.uz хабарида.

Фуқароларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари кенгайтирилди: атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ва жамоатчилик экологик экспертизасини амалга оширишда иштирок этиш имкони қайд этилди.

Вазирлар Маҳкамаси, Экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий ҳокимият, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТнинг ваколати белгиланди. Хусусан, илгари атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби Экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан, физикавий омилларнинг унга зарарли таъсир кўрсатишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланар эди. Энди бу вазифа ҳукумат зиммасига юклатилади.

Ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун атмосфера ҳавосидан фойдаланиш нормативларини тасдиқлаш амалиёти бекор қилинди.

Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатилишини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш ва ундан фойдаланиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди:

биринчидан, энди атмосфера ҳавосига кўчма (илгари — фақат турғун) ифлослантирувчи манбалардан ифлослантирувчи моддалар чиқарилган ҳолларда буни амалга ошириш мумкин;

иккинчидан, Ички ишлар вазирлиги тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга органлар жумласига киритилди. Идора фойдаланилиши атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатадиган автомототранспорт воситалари устидан давлат экологик назоратини амалга оширади. Эслатиб ўтамиз, бундай ваколатга эга бўлган бошқа органлар ҳокимликлар, Экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобланади.

Маълумот учун: тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш (бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади.

Фаолияти атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни, биологик организмларни, иссиқхона газларини ва озонни бузувчи моддаларни чиқариш ҳамда унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар зиммасига янги мажбуриятлар юклатилди:

озонни бузувчи моддаларнинг ҳисобини юритиш, уларнинг атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўймаслик, рециркуляцияни (уларни қайта ишлатиш мақсадида бирламчи тозалашни) амалга ошириш;

атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини белгилаш;

атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг сифат ва миқдорий таркибини аниқлаш учун намуналар олинишини таъминлаш ҳамда ўлчовларни амалга ошириш;

ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғининг, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларнинг ёки моддалар аралашмасининг ёқилишига, шунингдек ёқилғи ҳисобланмайдиган материаллар ва чиқиндиларнинг ёқилишига йўл қўймаслик, бундан ёқиш махсус ускуналардан фойдаланиб ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги ва чиқиндилар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилган ҳоллар мустасно.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here