Жаҳоннинг хавфли шаҳарлари номи эълон қилинди

0
137

“Жамоатчилик хавфсизлиги ва жиноят ҳуқуқи бўйича фуқаролик кенгаши” ноҳукумат ташкилоти жаҳоннинг хавфли шаҳарлари бўйича ҳисобот эълон қилди.

АҚШ билан чегарада жойлашган Мексиканинг Тихуана шаҳри қотилликлар сони ва аҳоли сонининг фоиздаги нисбати бўйича дунёнинг энг хавфли шаҳри деб топилди.

Маълумотларга кўра, 2018 йилда Тихуанада 2,64 минг киши ўлдирилган. Мазкур рўйхатда 2-ўринни Мексикадаги яна бир шаҳар – Акапулько эгаллаган. Мазкур шаҳарда ўтган йили 949 киши қурбон бўлган.

3-ўринни Венесуэла пойтахти Каракас эгаллади. Бу ерда 2018 йилда 3 минг ёки 100 минг аҳолига 99,98 та қотиллик қайд қилинган.

Мексиканинг Сьюдад-Виктория шаҳри тўртинчи, Сьюдад-Хуарес шаҳри эса бешинчи ўринга “лойиқ” деб топилди.

Сайёрамизнинг барча бурчакларида жиноятчиликка қарши кураш олиб борилади. Қайсидир давлатда бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар ҳам кўзга ташланмоқда. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, мамлакатлардаги сиёсий, иқтисодий ва демографик вазият, шунингдек, маҳаллий аҳолининг менталитети ҳам жиноятчилик даражасига таъсир кўрсатади.

Январда дунёнинг энг хавфсиз давлатлари рейтинги маълум қилинганди. Рейтингнинг 1-ўрнини Исландия эгаллаган. Етакчи ўнталикка Швейцария, Финляндия, Португалия, Австрия, Норвегия, Қатар, Сингапур, Дания ва Янги Зеландия киритилган.

Жаҳонда жиноятчилик энг кам давлат сифатида Швейцария тан олинган. Шунда ҳам бу мамлакатда жиноятларнинг ярмидан кўпроғи хориждан келган ажнабийлар томонидан содир этилар экан.

Сингапурда шафқатсиз қонунлар бўлиб, ўлим жазоси бекор қилинмаган. Жиноятчиларни калтаклаш амалиёти ҳам қўлланилади.

Ўғирлик мутлақо кузатилмайдиган Гонконг ҳақида ҳам эслаб ўтиш лозим.

Баҳрайнда 100 минг аҳоли бўлиб, 2 минг ҳуқуқ-тартибот идорасининг ходими бор. Яъни ҳар 50 кишига битта полиция вакили тўғри келади.

Шуни таъкидлаш керакки, жиноятчилик билан боғлиқ вазият ўрганилаётганда барча мамлакатлардаги 100 минг аҳоли ҳисобига содир этилган қотиллик, ўғирликлар ҳисобга олинган.

БМТнинг жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар устидан назорат бошқармасининг маълум қилишича, Лотин Америкаси жаҳонда энг кўп жиноятлар содир этиладиган минтақа сифатида тан олинган. Содир бўлаётган 437 мингта жиноятларнинг 134 минг 519 таси мана шу минтақа ҳиссасига тўғри келган. “Лотин Америкаси дунёдаги жиноятчилик авж олган минтақа ҳисобланади”, дейди “Жиноятчиликни Глобал таҳлил қилиш” деб номланган ҳисобот муаллифлари. Уларнинг фикрича, асосий муаммо Жанубий ва Марказий Америка, жумладан, Мексикада кузатилмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Лотин Америкасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз вазифаларига айрим ҳолларда етарлича масъулият билан қарашмайди.Гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида юз берадиган қуроли тўқнашувлар ҳам жиноятчиликнинг кўпайишига ҳисса қўшади.

Қотиллик бўйича биринчи ўринда Бразилия туради. Бразилия билан бир қаторда минтақадаги Мексика, Венесуэла ва Колумбия ҳам хавфли мамлакатлар рўйхатига киритилган. Ушбу тўрт мамлакатда 107 мингта қотиллик юз берган. Бу ер юзидаги ҳар тўрт қотилликнинг бири демакдир.

Энг қонли минтақа сифатида Африканинг жануби тан олинган. Бироқ сўнгги вақтларда мазкур минтақада (Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Лесото, Свазиленд ва Намибия)да жиноятчилик пасайиб бораётгани айтилади.

АҚШ ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда қотиллик содир этилиши бўйича биринчи ўринда туради. Дунёда ўқотар қуроллардан содир этилган қотилликларнинг 66 фоизи Америка, 28 фоизи Африка ва Осиё, 14 фоизи Европа ҳиссасига тўғри келади.

Шаҳарлар орасида жиноятчилик бўйича Мексика шаҳарлари биринчи ўринда туради. АҚШ билан чегарада жойлашган шаҳарлар орқали ҳар йили катта миқдорда гиёҳванд модда олиб ўтилади. Полиция ўтказадиган махсус амалиётлар чоғида юзлаб одамлар ўлади. Гоҳида қуролли шахслар маҳаллий аҳоли вакилларига ҳам ҳужум қилиб туришади.

Венесуэла пойтахти Каракас жиноятчилик бўйича Мексика шаҳарлари билан рақобатлашади. Бу шаҳарда сайёҳлар куппа-кундузи ўғирланиши ва ўлдирилиши мумкин.

Гондураснинг Сан-Педро-Сула шаҳри ҳам хавфли шаҳарлар рўйхатига киритилган. Бу шаҳарда ҳар 100 000 аҳолига 170 қотиллик тўғри келади.

Сўнгги 20-25 йилда сайёрамиздаги жиноятчилик аҳоли сони ўсиб бориши билан 3-4 баробар кўпайган.

Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Таҳлилчилар, жиноятлар асосан иш топа олмаётган ёшлар ўртасида кўпайиб бораётганидан хавотирга тушмоқда.

Бугунги кунда дунёнинг турли давлатларида минглаб маҳбуслар қамоқда жазо муддатини ўтамоқда. Улардан айримлари хато туфайли, айримлари ўз жиноятларига мос равишда жазоланмоқда. Қамоқ жазо муассасаси эмас, балки жиноятчиларни жамиятдан айро тутадиган жой ҳамдир. Бироқ, қамоқ тизими жиноятчиликка қарши курашга қодир эмаслиги ҳам тан олинади.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here