Ўзбекистонда юриш марафони куни ўтказилди

0
45

Халқимизда касални даволагандан кўра, олдини олган афзал, деган нақл бор. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йилнинг 18 декабридаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу каби саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда, деб ёзади Халқ сўзи

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб жорий йилнинг 16 март куни Республика юриш марафони ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Фото: Ҳасан Пайдоев, “Халқ сўзи” 

Жумладан, эрта тонгдан Тошкент шаҳридаги муҳташам ва кўркам Миллий стадионида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигида вазирлик марказий аппарати ходимлари, тизимдаги муассасалар раҳбарлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари иштирокида юриш марафони ташкил этилди. Юртимизнинг таниқли санъаткорлари, маданият намоёндалари ўзларининг чиқишлари билан тадбирга файз киритган бўлса, тиббиёт ходимлари томонидан соғлом турмуш тарзининг аҳамияти, жумладан, юришнинг соғлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида суҳбатлар ўтказилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев, “Халқ сўзи” 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоизи яшаётган экологик муҳитига, 15 фоизи ирсий омилларга, бор йўғи 10 фоизи тиббиётга боғлиқ экан. Демак, соғлом турмуш тарзига мунтазам равишда амал қилиш турли хасталиклардан ҳоли, чиройли ва бахтли яшаш омилидир. Энг муҳими, миллат генофондига ижобий таъсир кўрсатади.

Фото: Ҳасан Пайдоев, “Халқ сўзи” 

— Ҳозирги урбанизация даврида камҳаракатлилик бутун дунёнинг ўткир муаммосига айланмоқда. Ҳолсизлик, уйқучанлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик — бу каби белгилар ҳар бир кишида учрайди, лекин камдан-кам одамлар бу ҳолатларни камҳаракатлилик билан боғлайди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова. — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, йилига чекишдан 5 миллиондан зиёд, камҳаракатлиликдан эса қарийб 5,3 миллион одам ҳаётдан кўз юмади. Ушбу глобаллашиб бораётган муаммони ҳал қилишга ҳар биримиз масъулмиз. Ўз ўрнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни фаол ҳаракатга чақириб, юриш марафонини ташкил қилди. Асосийси, бу каби тадбирлар бир марталик эмас, балки доимий тарзда ўтказилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев, “Халқ сўзи” 

Эътиборли жиҳати, юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. Жисмоний фаолиятнинг бундай тури ҳаракатнинг энг хавфсиз тури ҳисобланиб, уни деярли ҳар бир киши — ўсмирдан тортиб, кекса одам ҳам бемалол бажаришга қодир.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларини эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here