Тўқаев лавозимини бўшатадиган бўлди: Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилади

0
278


Март ойи охирида Қозоғистон президенти лавозимига киришган Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда муддатидан илгари президентлик сайловлари ўтказилишини эълон қилди. Маълум қилинишича, Қозоғистон президентлиги сайловлари, кутилганидек кейинги йилда эмас, жорий йилнинг 9 июнида бўлиб ўтади.

Қозоғистон Конституциясига кўра, навбатдан ташқари сайловлар у эълон қилинганидан 2 ой муддат ўтгач бўлиб ўтади. Шу тариқа, сайловлар 2019 йилнинг 9 июнида ўтказилади.

«Мен 2019 йилнинг 9 июнида муддатидан илгари сайловлар ўтказилиши бўйича қарор қилдим», деган у фуқароларга телемурожаатида.

У бу масалада элбаси – «миллат етакчиси» Нурсултон Назарбоев билан маслаҳатлашганини қайд этиб ўтган.

Тўқаев ўз мурожаатида сайловларда иштирок этиши масаласига ойдинлик киритмаган.

19 март куни Қозоғистоннинг биринчи президенти, 29  йил давомида мамлакатни бошқарган Нурсултон Назарбоев муддатидан аввал истеъфога чиқишини маълум қилди. Унинг ваколати қонунчиликка кўра парламент спикери бўлган Қосим-Жўмарт Тўқаевга ўтганди.

Тўқаев сайловларга қадар мамлакатни бошқариши – охирги сайловда сайланган президентнинг ваколати муддатини охиригача, яъни 2020 йилнинг апрелига қадар ўташи керак эди. Аммо энди у ўз лавозимини сайланган президентга қолдиради.

Тўқаевнинг инаугурациясидан кейин Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева парламент спикери этиб сайланган.

Нурсултон Назарбоев эса Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари ва «Нур Ўтан» партияси раҳбари лавозимларини сақлаб қолди, у шунингдек, мамлакат конституцион кенгаши аъзоси ҳисобланади. Экспертлар фикрича, бунинг эвазига Нурсултон Назарбоев мамлакатни бошқаришда давом этади.

Тўқаев президентлик лавозимга киришганидан кейин мамлакат пойтахти Остонани биринчи президент шарафига Нурсултон деб ўзгартирди.

Қозоғистон мустақилликка эришганидан буён 5 марта президентлик сайловлари ўтказилган – 1991 йилда, 1999 йилда, 2005 йилда, 2011 ва 2015 йилларда. Бу сайловларнинг аксари муддатидан илгари сайловлар бўлиб, уларнинг барчасида Назарбоев катта устунлик билан ғалаба қозонган.

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here