«Грин кард» сўнгги умиди бўлган халқим…

0
429

Сўнгги йилларда бир тренд ўта оммалашиб бораётганини ҳеч сезяпсизми? Ҳа, бу «Грин кард». «Грин кард» бу – ҳар йили АҚШ томонидан ўтказиладиган лоторея ўйини, бунда ғолиб чиққанларга океан ортида қонуний яшаш ва ишлаш ҳуқуқи берилади. Ҳар йили бир неча миллион (!) ватандошимиз қатнашади шу лотореяда. «Грин кард» жавоби чиққан шу кунлардаги ажиотажни қаранг. Нима учун йилдан йилга унда иштирок этувчи юртдошларимиз сони кўпайиб кетяпти? Статистика жуда қўрқинчли, мен сизга айтсам. Агарда шу лотореяда қатнашган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ютганида эди, юртда фақат мансабдорлар ва кексалар қоларди, холос (умуман, буниям ишонч билан айтиб бўлмайди).

Ўзбек… Ҳамма нарсага чидаган, эртанги кунга умид билан яшашдан чарчамайдиган беғубор ўзбегим… Россияда миллатчиларнинг ҳожатхонасини тозалаган, ойлигини тўртдан бир қисмини солиққа тўлаган, Туркияда касал кампирларни боққан, БААда танасини сотган, Кореяга ишга кетиш учун эса, Россияда қор кураб топиб келган пулларини пора тариқасида ўзбекка берган ўзбегим…

Ҳозир сизга классик ўзбек мигранти портретини чизиб бераман. Россияда ишлаган, ҳужжатсиз юргани учун депорт қилинган, кейин Туркияга ишлагани кетган, у ерда эркакларга яхши иш йўқлиги учун қайтиб келган, кейин қарз ҳавола қилиб, мол-ҳолини сотиб, Кореяга ишлашга бориш учун «ишни кўзини билувчи» виждонсизга «муомаласи»ни қилган. Омади чопса ва алдовга тушиб қолмаса, Кореяга ишлагани кетган, бир икки сўм пул орттириб келган, уй қилган, тўй қилган… Кейин яна қийинчиликлар бошланиб (чунки такси қилиш учун машина сотиб ола олмаган), бу орада депорти ҳам очилиб, қор курайдиган лопаткасини елкасига олганича яна Россияга… Чунки набиралар катта бўлишяпти, тўй қилиши керак…

Лекин, энг қизиғи, шу юқорида лента каби айланиб ўтган 5-8 йил ичида у ҳар йили «Грин кард» лотореясини ўйнаган. Нега? Чунки бу лотореяда қатнашиш учун диплом керак эмас, қўлингда ҳунаринг бўлиши ҳам шартмас, сени ҳеч ким ҳижоб ёки соқолингга қараб танламайди, «муомала» сўрамайди, прописканг қани демайди, вилоятдан келганингга қараб муносабат қилмайди. У ерда ҳамманинг имкони тенг, юқори малакали инженернинг ҳам, «колхоз»дан чиққан Матқовулнинг ҳам…

Бу лотореянинг қизиқ томони, бунда, масалан, инглиз тилини сув қилиб ичиб юборган, фикру хаёли АҚШга кўчиб кетиш, у ерда буюк бизнес империясига асос солиш режаларини калласида пишириб юрган йигит эмас, маҳалласидан ташқарига чиқмаган, «Грин кард»ни эса ўртоғининг «юр, бориб келайлик Гринкардхонага» (ўйхатдан ўтказиб берувчи шоввозларнинг «офиси») деган гапига қизиқиб, бирга бориб ўзича ўйнаб келган Тошмат ютиб олиши мумкин.

Одамлар нега ўйнашади буни? Сабаби оддий, инсонлар ҳамиша эртанги кунга умид билан, ниманидур кутиб яшайди. Ҳаётимизнинг маъноси ҳам шунда. «Грин кард» ўйнаб қўйиб Россияга кетади, қор кураётганида хаёлига Флоридада, Маями Бичда Тони Монтанани кўйлагидан кийиб олиб, кабриолетда юргани келади. Бу унга умид беради. Ҳар йили ўйнайверади чиқмаса ҳам. Чунки унда бошқа умид йўқ. Инсон ўз ватанида қийналмаса, адолатсизлик, порахўрлик, ишсизликка учрамаса, дўстини тўйига тўёна бериш учун кимдандур қарз сўрамаса, боласини туғруқхонадан олиб чиқиш учун аёлим ўксимасин деб (бошқа аёлларнинг эрлари Микки Мауслар, лимузин, видеосъемкалар билан олиб чиқиб кетишаётганини кўриб турибдида) никоҳ узугини сотиб бўлсада, шундай даҳмаза қилиши керак бўлмаса, ишлаб топган ойлиги озиқ овқатдан бошқа нарсаларга ҳам етса, ўйнармиди шу лотореяни?! Менимча йўқ. Ҳа, бўлганида ҳам бу даражада катта омма ўйнамас эди.

АҚШга раҳмат. «Грин кард» ўйнатиб, ҳар йили минглаб фуқароларимизни ўз бағрига олиб, иш, уй-жой билан таъминлашдан ташқари, ҳаттоки шу «Грин кард» ўйновчилар учун рўйхатга ўтиш пунктлари очиб, бизнес қилаётган уддабуронларга ҳам иш топиб беряпти. Ҳар йили ноябрь ойида қаерга тош отсанг, ойнасига «Грин кард» регистрация» деган эълон ёпиштирилган бинога тегади. Масштабнинг қанчалигини тушуняпсизми? (Уларнинг орасида фирибгарлик қиладиганлари қанча). Қадамингда шунақа конторалар фаолият юритса ҳам, уларни ҳаммасида навбат бўлади. Янгиқишлоқдан Матқовул «Грин кард» ютибди дейишса, келгуси йил бутун янгиқишлоқликлар ўйнайди лотореяни. Айниқса, Матқовул тушмагурнинг АҚШда океан бўйида қорайтирилган кўзойнакларни тақволиб тушган расмлари келгач…

Бизда шундоқ ҳам каллали ёшларнинг аксар қисми «Грин кард» ўйнамасдан ҳам, бошқа дастурлар билан четга кетишяпти. Ўша давлатларнинг иқтисоди, илм-фани, инфратузилмасини гуллатишяпти. Бу «Грин кард»да чеклов бор ҳалиям, йўқса у орқали йилдан йилга баааарча фуқароларимиз кўчиб кетишига эришардик бу туришда… Охирида аэропортни чироғини ҳам кимдир ўчириб кетармиди…

Ҳурматли раҳбарлар, АҚШга кўчиб кетаётганлардан валюта кутманг, улар ўз оилаларини ҳам олиб кетишади. Туп қўйиб, палак ёзади. Ўзбек меҳнаткаш, меҳнатдан қочмайди, сувоқчи бўлса ҳам иш берувчини кўнглидагидай ишлайди. Шунга яраша хаққини олиб яхши яшайверади. Оиласини олиб боргач эса, онда сонда ёшлиги ўтган қишлоқ ҳавоси, онаси ёпган иссиқ нон, дўстлари билан рамазон айтганлари, свет ўчиб қолганида шам ёқиб, оила даврасида кулишиб ўтирган пайтларидан бошқа, уни соғинадиган нарсаси қолмайди. Зеро, Ватаннинг қиймати – сен у ердан бошқа жойлардагига нисбатан адолат кўпроқлигини кўришингдир. Ватаннинг қиймати, сен у ерда бошқа жойлардагига нисбатан муҳаббат кўпроқлигини кўришингдир. Агар Ватан – ҳимоя, адолат ва муҳаббатдан холи бўлса, фуқаролар мусофирга айланиши муқаррардир.

Манба : Xabar.uz

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here