АҚШнинг “Глобал атланта” газетасидаги мақолада муаллиф Тревор Уилямс Ўзбекистон ҳақида нима деган эди?

0
122

Жамият босқичма-босқич ривожланар экан, жамият аъзоларининг ҳаёти, турмуш тарзи ижобий томонга ўзгариб боради, одамларда янги хоҳиш-истак, орзу-умид, ҳаётини янада мазмунли ўтказиш майллари уйғонади. Бу табиий, албатта. Чунки инсон ҳамиша кечагидан кўра яхшироқ яшашни, меҳнатлари самараларидан баҳраманд бўлишни, ўзидан эзгу амаллар қолдиришни ният қилади.

Худоёр МАМАТОВ,

юридик фанлари доктори, профессор

Шундай экан, миллий тараққиёт йўлига ўтган ҳар бир жамият дунё давлатлари сафидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаши, хорижий давлатлар, биринчи навбатда яқин-қўшнилар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши, мамлакат иқтисодиёти тармоқларини замонавий ютуқлар асосида муттасил ва мутаносиб равишда кенгайтириши ва ривожлантириши, ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, ҳуқуқий маданият каби муҳим мақсадларни ўзида акс эттирган ижтимоий дастурлар ишлаб чиқиши ва уларни тўла амалга ошириши зарур бўлади.

Иккинчидан, бугун дунёнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳамда иқтисодий муаммолари, чунончи, ер, сув ва ҳавони мусаффо сақлаш, ерости ва ерусти бойликларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам глобаллашиб бораётгани, уларни ҳал этишда наинки алоҳида давлатлар, улар билан бирга, йирик-йирик минтақалар ҳам биргаликда ишлашлари, ягона ечим йўлларини ҳамжиҳатлик билан қидиришларига тўғри келади.

Бу жараён бугун Ўзбекистонда қандай кечмоқда? Шуни айтиш мумкинки, янгиланиш, янги марраларни забт этиш, дунё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш, очиқлик, ошкоралик, халқнинг қалбига йўл топиш, ёшлар тарбияси ва бошқа муҳим масалалар Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган янги сиёсатнинг ўзак йўналишини ташкил этаётир. Шу боисдан ҳам, кейинги икки ярим йил ичида юртимизнинг ташқи имижи бутунлай ўзгарди. Бугун дунёнинг ривожланаётган давлатлари сафига дадил кириб бораётган Ўзбекистон кўплар учун ибрат ва ҳавас манзилига айланди, ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик ва ишбилармонлик учун яратилаётган имкониятлар туфайли мамлакатда ишончли инвестиция муҳити юзага келди. Бугунги шароитда бундай муҳит ғоят катта аҳамиятга эга эканлигини эътироф этиш зарур.

Истиқлол йилларида эркин демократик жамият қуриш, давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлигига эришиш, ёш авлод тарбиясини йўлга қўйиш борасида кўп ишлар қилинди. Аммо кейинги икки ярим йилдан кўпроқ вақт ичида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган аниқ мақсадли, инсон манфаатларига ҳар жиҳатдан мос янгиланиш ишлари, ислоҳотларнинг янги тўлқини, эл-юрт билан бамаслаҳат иш тутиш, одамларни тинглаш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал қилиш тажрибаси дунёга ёйилди. 

Жаҳон матбуоти эндиликда Ўзбекистон ибрати ҳақида кўп ва хўб ёзмоқда. Биргина мисол. Америка Қўшма Штатларининг “Глобал атланта” ҳафталик газетасида эълон қилинган чуқур таҳлилли мақолада муаллиф Тревор Уилямс “яқин-яқингача кўплар дунё харитасида қаерда жойлашганини ҳам билмайдиган” Ўзбекистонда 2016 йилдан бошлаб давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида чуқур янгиланиш юз бераётганини ёзади. “Ўзбекистонда, айниқса, иқтисодий соҳадаги ўсиш яққол кўзга ташланади. Республика кўплаб халқаро рейтингларда ўз мавқеини яхшилади.

“Натижада миллий иқтисодиётга сармоялар кириб келиши кучайди. Жаҳон банкининг “Doing Business” рейтингида 141-ўриндан 76-ўринга кўтарилди. 2018 йили ҳукумат илк бор халқаро облигацияларни жойлаштирди. Халқаро меҳнат ташкилоти ва АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда мажбурий меҳнат таъқиқланганини эътироф этди…

Президент Шавкат Мирзиёев туфайли минглаб шахслар “қора рўйхат”лардан чиқарилди, кўплаб сиёсий маҳбуслар озод қилинди, коррупцияга қарши муҳим қонунлар қабул қилинди”, дейди муаллиф.

Мақола муаллифи мамлакатимизда давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган амалий ишларни юқори баҳолайди.

Айтиб ўтиш зарурки, бу борада яқин-яқингача жиддий муаммолар мавжуд эди. Жамиятнинг нисбатан фаол аъзолари ҳам мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига доир муҳим ахборотлардан, даромад ва буромад даражаларидан, аниқ натижалардан тўла хабардор эмас эди.

Эндиликда эса вазирлик ва идоралар ўз фаолиятлари, ишдаги натижалар, камчиликлар ва келгуси режалар хусусида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчилик билан мунтазам равишда мулоқот қилмоқдалар, журналистлар ўзларини қизиқтирган ахборотларни ҳеч бир монеликсиз олиш имкониятига эга бўлишди. Бунинг натижасида, миллий матбуот нашрлари фаолиятида сезиларли ўзгариш юз берди. Газета-журналларда, радио ва телевидениеда қуруқ мадҳиябозлик ўрнини чуқур таҳлилли мақола ва кўрсатувлар эгаллай бошлади. Ўзбекистонда илк бор “Америка овози” аккредетация қилинди. Шундай йўл тутилдики, одамлар мамлакат ҳаётига доир энг муҳим янгиликларни маҳаллий нашр ва сайтлардан ўқишга одатлана бошладилар. 

Мамлакатимизда фақат иқтисодий соҳада эмас, жамият ҳаётининг барча соҳаларида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз бермоқда. Шулардан бири, шубҳасиз, эл-юртда тинчлик, тотувлик ҳамжиҳатликни таъминлаш, узоқ-яқин қўшнилар билан яхши қўшничилик алоқаларини, узоқ йиллик дўст-қадрдонликни тиклаш борасидаги қатъиятли сиёсий ирода бўлди десак, муболаға бўлмайди. Халқда “Ота-она танланмайди” деган гап бор. Шу каби, жуғрофий жиҳатдан бир-бирига туташиб кетган, суви, ҳавоси, тоғ-тошлари, дала ва ўрмонлари бир-бирига уланган қўшниларни ҳам танлаш мумкин эмас. Тарихан ва тақдиран бир-биримизга яқин эканмиз, улуғ мақсадлар йўлида биргаликда, бамаслаҳат ҳаракат қилишдан бошқа йўл йўқ. Таассуфки, муайян йиллар давомида бундай бўлмади. Тили, дини, маънавий қадриятлари, урф-одатлари бир хил халқлар бир-биридан нисбатан узоқлашди, ўртада сунъий тўсиқлар пайдо бўлди. “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади” деганларидек, бундай нохуш вазият асрлар синовидан ўтган минг йиллик анъаналарга, бирлик, аҳилликка соя ташлади. Не бахтки, давлатимиз раҳбарлигига Шавкат Мирзиёевнинг келиши билан бундай ҳолатларга барҳам берилди. Йўллардаги тўсиқлар олиб ташланди, ўзаро борди-келдилар қайта тикланди. Бугун мамлакатимизга сайёҳ бўлиб келаётганлар хорижликлар орасида яқин қўшниларимиз ҳам бор, улар қисқа вақт ичида янги маданий-маънавий қиёфага эга бўлган, шиддат ва ишонч билан қад ростлаётган Ўзбекистонни, Самарқанд, Бухоро ва Хивани, воҳа ва водийнинг латофатли шаҳарларини томоша қилмоқдалар.

Янгиланиш сиёсати давлатимиз раҳбарининг бугун бутун дунёга ёйилиб кетган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган шиорида, одамлар ўз ҳаётидан бугун рози бўлиб яшашлари зарур, деган улуғ мақсадида яққол намоён бўлмоқда. Бу розиликни кекса авлод вакилларининг дуоларида, яхши ниятларида, бутун халқимизнинг давлатимиз раҳбари бошлаган улуғ ишларни қўллаб-қувватлаётганларида кўриш мумкин. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган ватандошларимизга бўлган ҳурмат-эътиборнинг ўзи кўп нарсадан далолат беради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар сиёсати асосида юрт тинчлиги, мамлакат фаровонлиги, ижтимоий адолат, азиз фарзандларимизнинг маънавий камоли, Ўзбекистоннинг буюк келажаги ётади. Одамлар бир-бирлари билан дўст, иноқ яшасалар, ҳар бир касб эгаси ўз меҳнатидан қадр топса, улуғ шукроналик, бағрикенглик муҳити юзага келади.

Шаҳарлар, қишлоқлар ободликка юз буради. Боғ-роғлар, замонавий иншоотлар, равон йўллар, маҳобатли кўприклар, завод-фабрикалар Ватан чиройига чирой қўшади. Элнинг ризқ-насибаси бутун бўлади.

Буни ҳар қадами қутлуғ, ҳар тонги шаффоф, ҳар куни яратиш ва бунёдкорлик билан тўла, ҳар сўзи эзгу ниятлардан иборат жонажон Ватанимиздаги бугунги баракали, тинч-тотув ҳаёт мисолида кўриш мумкин. Наинки биз, бутун дунё тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини саховатли, бағрикенг Ўзбекистон мисолида кўриб, ҳавас қилиб турибди.

Юртимизга келаётган сайёҳлар олис аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган маҳобатли иншоотларни, истиқлол йилларида қайта тикланган, таъмирланган зиёратгоҳларни, янги муҳташам саройларни, янги маҳалла ва шаҳарчаларни, улкан маданий-маърифий мажмуаларни томоша қилиб ҳайратга тушадилар. Уларни бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир тану бир жон бўлиб, Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмонанд диёрда эмин-эркин яшаётганлари, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг янги-янги ташаббуслари, одамлар билан самимий мулоқоти, инсонпарвар, адолатпарвар ички ва

ташқи сиёсати ҳайратга солмоқда, Ўзбекистон тажрибаси дунё ҳамжамиятини чин маънода қизиқтирмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Жамият ҳаётини юксалтириш, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий куч-қудратини оширишда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, ўқув жараёнини замонавий талабларга, бугунги мураккаб шароитга мос равишда олиб бориш, ёшларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки миллий тараққиётга илм-фан чўққиларини забт этган, қалбида Ватан туйғуси жўш урган, истиқлол ғояларига садоқатли, юртнинг фаровон келажагига ишончи мустаҳкам ёшларнинг фаоллиги билан эришилади. Шу маънода Олий ва ўрта ҳамда халқ таълими вазирликларида, янгидан ташкил этилган мактабгача тарбия тизимида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар бевосита миллатнинг илмий, ижтимоий ва маънавий-ахлоқий ривожини таъминлашга хизмат қилиши ғоят қувонарлидир. Жамиятнинг ҳар бир ёш аъзоси маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, улуғ аждодлар меросидан, миллий ва умуминсоний қадриятлардан бохабар, уларга оғишмай амал қиладиган, жамият олдидаги ўз масъулиятини тўғри тушунган, иродаси мустаҳкам, имони бақувват бўлиши керак. Бу фазилатлар бир-бирини тўлдириши, бири иккинчисига пойдевор бўлиши, яъни, таълим ва тарбия жараёнлари бир-бирига ҳамоҳанглик касб этиши лозим. Ёшлар замонавий билимларни яхши эгалласалар-у, маънавият, одоб-ахлоқ, миллий қадриятларга амал қилишда уқувсизлик қилсалар ёки аксинча, миллий қадриятларни, урф-одатларимизни чуқур ўзлаштирсалар-у, замонавий билимлардан, фан-техника янгиликларидан, танлаган касбларига доир илғор дунёвий тажрибалардан бехабар бўлсалар, ҳар икки ҳолатда ҳам маълум муаммолар юзага келади. Шундай экан, таълим-тарбия ҳеч қачон мавсумий ишга айланмаслиги, бу жараён тарбиячилар, устоз-мураббийларнинг ҳамиша диққат марказида бўлмоғи зарур. Муҳтарам Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, “Бугун кўплаб ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур”.

Тарихдан маълумки, давлат раҳбарлигига келган юртбошиларнинг кўпи ўз фаолиятини ислоҳотлар ўтказишдан бошлайди. Аммо, тарих шоҳидки, эл-юрт, миллат манфаати, одамларнинг эзгу орзу-умидлари билан боғлиқ, ҳар жиҳатдан асосланган, кучли мантиққа эга ислоҳотларгина амалга ошади ва натижа беради. Бу ҳақиқатни бугунги Ўзбекистон мисолида наинки биз, бутун дунё кўриб турибди.                          

ЎзА

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here