Шайхонтоҳур туманида аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди

0
113

Республика ишчи гуруҳи ҳудудлардаги ҳақиқий аҳвол, аҳоли турмуш шароитини билиш, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш ва йўл хўжалиги, энергия, сув таъминоти, ҳудудларни ободонлаштириш, ижтимоий турмуш тарзидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича пойтахтимиз туманларида ўрганиш ўтказаяпти.

Навбатдаги манзил – Шайхонтоҳур туманидаги аҳвол танқидий ўрганилди.

Шодлик маҳалласидаги 15-кўп қаватли уйнинг ертўласи кўздан кечирилганда, қувурлар янгисига алмаштирилгани, лекин аҳолининг эътиборсизлиги туфайли ертўлани сув босгани, чиқиндилар кўпайиб кетгани аён бўлди. 2-кўп қаватли уйнинг ертўласидаги ўттиз йиллик қувурлар фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган. Аҳоли ташаббуси билан бинонинг том қисми қайта ёпилган.

Ишчи гуруҳ вакиллари мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар билан суҳбатлашди. Муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотлар вакилларига топшириқ берилди.

588-мактабгача таълим муассасаси атрофдаги бино-иншоотларга қараганда анча пастликда жойлашгани туфайли ёмғир ёғиб, қор эриганда сув тўпланиб қолар экан. Оқова сув чиқиб кетадиган латок ва қувурлар ичи тўлиб қолган.

photo5395719607140067879.jpg

– Бу масала юзасидан бир неча бор тумандаги тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз, – дейди МТМ мудираси Саодат Тўрахонова. – 2018 йили баҳорда бўлган кучли ёмғир оқибатида муассасамиз атрофида 50 сантиметргача сув тўпланган. Оқибатда биноларимизнинг ички ва ташқи қисмига жиддий зарар етди.
Мазкур мактабгача таълим муассасаси атрофини ўраб турган темир тўсиқлар ҳам эскирган. Ишчи гуруҳ МТМдаги муаммоларни ижобий ҳал қилишга киришди.
“Янги жарариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Собитжон Саидкамоловлар оиласининг ижтимоий ҳолати ўрганилди. Оилада 3 нафар ногирон фуқаро яшамоқда. Шу кунга қадар маҳалла фаоллари ушбу оила ҳолидан хабар олиб турган бўлса-да, дори-дармон ва бошқа зарур эҳтиёжлар дегандай, оила сўнгги пайтларда молиявий қийинчиликка дуч келган. Ишчи гуруҳ вакиллари Саидкамоловлар оиласидаги ногирон инсонларга мунтазам тиббий ёрдам кўрсатиш зарурлигини инобатга олди.
Мазкур МФЙнинг 30 йилдан буён идора биноси йўқ. Улар ҳалигача қўшни маҳаллада жойлашган умумтаълим мактабидаги бир хонада фаолият олиб бормоқда. Аҳоли томонидан шу масала бўйича туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаатлар қилинган.
– Маҳалла раиси ҳамиша ҳудудда бўлаётган воқеа ва жараёнлардан хабардор бўлиши, зарур чора-тадбирларни бажариши керак, – дейди “Янги жарариқ” МФЙ раиси Шоҳида Юсупова. – Бироқ бундай имконият бизда йўқ. Маҳаллада бирор ҳолат содир бўлса, биз етиб келгунимизча 20-30 дақиқа вақт ўтади. Айниқса, кексалар пенсиясини олиши учун шунча вақт сарфлаб қўшни маҳаллага бориб келади. Бу аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

photo5395681347571395358.jpg

Аҳолининг елиб-югуриши натижасида маҳалла идораси учун ер майдони ажратилган эди. Лекин қурилиш ишлари учун тегишли қарор қабул қилинмаган. Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида маҳалла идораси учун ажратилган ер майдони кўздан кечирилди. Масалани ҳал этиш чоралари кўрилади.
“Жарариқ” маҳала фуқаролар йиғинидан ўтган, шу кунга қадар аҳоли томонидан атрофи ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган жарликдаги манзара ҳам аянчли эди. Ушбу жойга авваллари оқова сув тушиб турган. Аммо охирги пайтларда атрофга қурилган ноқонуний қурилишлар туфайли жарликнинг табиий йўли ёпилиб, оқар сув кетиш жойлари бекилиб қолган. Масалан, ушбу маҳаллада яшовчи Собит Ҳасановнинг ховлиси ҳам жарлик ёнида жойлашган.
Куз-қиш пайтлари жарликка ортиқча сув тўпланиши туфайли ҳовли деворлари чўкиб, ёрилиб кетган. Шундай пайтларда сувда тўпланган чиқиндидан эса бадбўй ҳид атрофга тарқалар экан. Бу масала ҳам маҳалла аҳолиси ўртасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб, бир неча йиллардан буён ўз ечимини топмай келмоқда.
“Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли хонадонлари, эски ва авария ҳолатидаги турар жойлар ўрганилди. Камолон 2-берк кўчаси 57-хонадонда истиқомат қилувчи Геннадий Ребченконинг кичкина ҳовлиси авария ҳолатида. Канализация тизимига уланмаган уйидан турли ҳашаротлар чиқиб туриш ҳолати ҳам учрайди. Ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган уйнинг деворлари ёрилган, ҳожатхона ва ювиниш хоналари санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Уй эгасининг сўзларига кўра, бу аҳволни ўтган йили ҳам мутасадди ташкилотлар ўрганган. Аммо ҳалигача эски уйлар бузилиши ёки бузилмаслиги ҳақида маълумот йўқ.
Шу кўчанинг 47-хонадонида 1928 йилда туғилган меҳнат фахрийси Анастасия Воронцова ёлғиз ўзи истиқомат қилади. У яшаётган уй ҳам авария ҳолатида. Турли ўт-ўланлар одам бўйи ўсиб турибди. Момонинг айтишича, оилавий поликлиника соғлиғини назорат қилмоқда, туман ҳокимиятидан яқин бир йил ичида ҳеч ким келиб, хабар олмаган. Яхшики, қўшниси бор экан, ҳолидан хабар олиб турибди. Ҳовли олма, қўшни ол, деб шуни айтишса керакда.

photo5395719607140067880.jpg

53-хонадонда яшовчи Маъмур Мирҳамидов неча йилдирки уй ҳужжатларини расмийлаштириш масаласида муаммоларга дуч келмоқда. Уй ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан Ягона дарчага мурожаат қилган. Аммо рад жавоби келган. Ҳовли жарликка яқин жойлашгани туфайли жарлик тобора уйни тортиб кетаяпти. Канализация муаммоси сабаб ишлатилган оқова сувлар жарликка қуйилиб, уни кенгайтириб юбормоқда. Ҳовлининг деворлари ёрилиб, жарликка қараб оғишни бошлаган. Бу яшаш учун жуда хавфли.
– Ҳар йили турли идоралардан келишади. Уйлар эскирган, яшаш учун яроқсиз, тез орада бузилади, деб кетишади. Аммо ҳалигача ҳеч қандай ўзгариш бўлмади, – дейди фуқаро Маъмура Дадабоева. – Кўчамиз торлиги боис машина киролмайди. Худо кўрсатмасин, ёнғин бўлса, ёки бирор ҳодиса юз берса қаерга борамиз. Канализация йўқлиги сабабли оқова сувлар тўғри жарликка қуйилади. Жарлик кенгайиб бормоқда. Унга туташ уйлар авария ҳолатида. Бу масалаларни бартараф этишса яхши бўларди.
Дарҳақиқат, кўчалар тор, махсус автотранспорт воситалари ҳаракатлана олмайди. Кўча охиригача машинада боришнинг имкони йўқ. Устига устак, кўчага кириш учун Камолон қабристони ҳудудидан ўтиб келишингиз керак. Агар қабристонга майит олиб келинса уйларига қайтаётган фуқаролар маросим тугашини кутиши керак бўлади. Бу ҳол деярли ҳар куни такрорланади. Инсон ҳаётида яхши-ёмон кунлар бўлади. Айтайлик бир хонадонда тўй бўлса, куёв навкарнинг қабристон ичидан кириб келишини тасаввур қилаверинг.
Бу масала ҳал этиладиган бўлди. Қабристонга яқин жойлашган хонадон бузилиб, йўл ўтказиш таклифи билдирилди. Бу йўл кўчани катта йўлга боғлайди. Хонадон эгасига бошқа жойдан уй берилиши айтилди. Шунингдек, қабристон атрофи девор билан ўралади.
Янгиобод маҳалласи Ғ.Раҳимов кўчаси 21-уйда тўрт ака-ука яшайди. Фуқаро Баҳодир Раупов улардан бири. Баҳодир ака ва унинг турмуш ўртоғи Фотима Раупова 3-гуруҳ ногирони бўлиб, уларнинг 13 ёшли ёлғиз фарзанди 1-гуруҳ ногирони. Улар бир хонали уйда истиқомат килади. Ювиниш ва ҳожатхонаси умуман талабга жавоб бермайди. Фуқаро уй масаласида мутасадди идораларга мурожаат қилган…
Ишчи гуруҳ вакиллари бу масалада фуқарога керакли ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
Кейинги манзил 34-умумтаълим мактаби бўлди. Таълим даргоҳида 1894 ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабнинг умумий ҳолати яхши, аммо ёзги спорт майдони талабга жавоб бермайди. Югуриш майдони тошлар билан тўлган ва мактаб ўқувчилари учун ҳеч қандай шароит яратилмаган. Майдон қишда лой, ёзда чанг-тўзон бўлади. Мактаб директори Гулнора Ҳамидованинг айтишича, катта маблағ талаб этгани боис, бу муаммо қолиб кетмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Олим Хўжаев” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 15-уйни ҳам бориб кўрди. 1957 йилда бунёд этилган уй бир неча йил олдин трамвай депоси ходимлари ётоқхонаси бўлган. Айни дамда уй эскирган. Авария ҳолатида, фундаменти едирилиб, деворлари ёрилган. Яшаш учун яроқсиз. Ичкарига кирдик. Аҳвол ундан баттар. Ювиниш хонаси, ҳожатхона айтгулик эмас. Иситиш тизими йўқ. Деворлари нураган, аянчли ҳолатда. Ошхонасидаги вазият жуда оғир. Уйда 23 хонадон мавжуд. Бу 23 оила шундай аянчли шароитда яшаб келмоқда, дегани. Уларнинг айтишича, подвалда сув тошадими, уйдан чакка ўтадими, ширкатдагилар умуман хабар олмайди. Хўш, бу оилалар шу аҳволда яшайверадими?
Республика ишчи гуруҳи вакиллари тез фурсатда бу муаммога ижобий ечим топиб, вазиятни ўнглаш ҳақида айтди.
“Маннон Уйғур” маҳалла фуқаролар йиғини Уйғур кўчаси 392-хонадонда 4 оила – 28 киши яшайди. Улар уй-жойга муҳтож. Ёрдам кўрсатилмаган. Бундан ташқари, уйни қабристон билан девор ажратиб туради холос. Жуда яқин жойлашгани учун чаён, илон ва бошқа ҳашоратлар кўп чиқади.
Улуғбек кўчасидаги 133а ва 145б уйларда кушхоналар яширин тарзда фаолият олиб бораяпти. Улардан тарқаган қўланса ҳиддан атрофдаги қўшнилар норози. Сузукота маҳалласидаги масжид орқасидан ўтган канал ифлосланган. Аҳолининг уйлари каналга жуда яқин қуриб ташланган. Канал атрофидаги симёғочлар эскириб, хавфли ҳолатга келган. Зангиота маҳалласидан оқиб ўтган канал ва унинг устидаги кўприк ҳолати ҳам аянчли. Қаровсиз қолган.
Республика ишчи гуруҳи пойтахтимиз туманларидаги аҳволни ўрганишда давом этмоқда.


Абдулазиз МУСАЕВ, Нурилло НАСРИЕВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here