Мадҳиямиз бастакорининг мемориал ёдгорлиги янгиланди

0
214

Муқаддас Рамазон ойи кунларида кексалару эҳтиёжманд оилаларга меҳр – мурувват кўрсатиш, эл – юртга садоқат билан хизмат қилган марҳум ватандошларимиз хотирасини ёд этиш халқимизга хос азалий қадриятлардан саналади. Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси бастакори Мутал Бурҳонов ана шундай фидойи инсонлардан эди.

Мусиқа санъатимиз ривожига бениҳоя катта ҳисса қўшган атоқли бастакор, Ўзбекистон Халқ артисти М. Бурҳонов умрининг охирги йилларини она – шаҳри Бухорода ўтказди. Бу катта иқтидор эгасининг “Алишер Навоийга қасида”, “Табассум қилмадинг ҳеч”асарлари,шунингдек, “Абу Али ибн Сино”, “Мафтунингман”, “Сурайё” каби кинофильмларга басталаган мусиқалари санъатимиз хазинасидан муносиб ўрин олган.

– Мутал Бурҳонов умрининг охирги йилларида “Абадий хотира” деб номланган реквием – марсия ёзиб, уни халқимизнинг асл фарзандлари – қатағон қурбонлари Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир ҳамда ўз сулоласи вакилларининг порлоқ хотирасига бағишлаганди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Тошпўлат Аҳмедов. – Буни қарангки, юракларни жунбишга келтирадиган Мадҳиямиз бастакорининг ўзи ҳам абадий хотирага айланиб қолди.

Композитор томонидан яратилган мадҳиямиз янграганида қалб жунбишга келади. Унинг бетакрор оҳанги юрак – юракка кириб боради. У ўғил – қизларимизни она – Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш воситасига айлангани ҳам сир эмас.

Яқинда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев раҳбарлигидаги бир гуруҳ давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар вакиллари Мутал Бурҳонов мангу қўним топган Ҳазрати Имом қадамжосига тўпландилар. Бу ерда Мадҳиямиз бастакори, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Мутал Бурҳонов қабрига янги ёдгорлик монументи ўрнатилиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда атоқли санъаткорнинг мураккаб тақдири, яратган ажойиб асарлари, ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўз борди. Хотираси ёд олинди.

Янгиланган монументда М. Бурҳонов тақдирланган орденлар акси, шунингдек, Мадҳиямизнинг вокал партиясидан бошланғич учта такт тасвири туширилган. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бастакор номи билан боғлиқ ҳар бир ашё бухороликлар томонида асралиб, эъзозланиб келинмоқда. Жумладан, у яшаган хонадон уй – музейга айлантирилган. Вилоят ҳокими ташаббуси билан бу гўша айни дамда таъмирланмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here