Тошкент шаҳри фуқароларининг 220 миллиард сўмга яқин қарзи ҳисобдан чиқарилди. Нега?

0
145

2012 йилда Учтепа туманида ноозиқ-овқат чакана савдосини йўлга қўйган Алижон Юнусалиев қисқа вақтда ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Боиси, 2013 йилда солиқ қонунчилигини бузган тадбиркорга нисбатан 187 млн. сўмдан зиёд молиявий жарима қўлланилган эди.

– Тажрибасизлигим туфайли дастлаб, ишларни тўғри йўлга қўя олмадим, – дейди А.Юнусалиев. – Натижада, бир қатор хатоларга йўл қўйдим ва алалоқибат қарзга ботдим. Ўшандан бери, янги иш бошлаш истаги ва қарзларни қандай тўлашим ҳақидаги ўйлар тинчлик бермай юрганди. Солиқ идоралари ходимлари Президентимиз фармони асосида фаолиятимни тикласам, мавжуд қарзларим ҳисобдан чиқарилишини айтишганида тадбиркорликка бўлган иштиёқим янада ошди. Эндиликда, юкларни автомобил транспортида ташиш фаолияти билан шуғулланиб, тадбиркорликни давом эттириб келяпман.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони Алижон Юнусалиев каби тадбиркорликка иштиёқи юқори бўлган кўплаб учтепаликлар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Жумладан, тумандаги 524 нафар фуқаро тадбиркор сифатида фаолиятини тиклади ва уларнинг 39,3 млрд.сўмлик қарзларидан воз кечилди.

Фазлиддин Ҳамидов пойтахтимизнинг Олмазор туманида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ёғоч ўймакорлиги фаолияти билан шуғулланиб келади. Дастлаб, тадбиркорликнинг қонун-қоидаларини яхши тушунмаганлиги сабабли иши юришмади. Натижада солиқдан 689 млн. сўм қарз бўлиб қолди.

Табиийки, ишни энди бошлаган тажрибасиз тадбиркорда бундай катта қарзни тўлашга етарли маблағ йўқ эди. Шу боис фаолиятини тўхтатиб, тирикчиликнинг бошқа йўлларини қидира бошлади. Яъни, бошқа бир устахонага ишчи бўлиб кирди.

Ана шундай кунларда солиқ идоралари ходимлари келиб, агар тадбиркор сифатида фаолиятини қайта тикласа Президентимиз Фармони билан солиқ қарзларидан воз кечилишини айтишди. У шу куннинг ўзидаёқ фаолиятини қайта тиклади ва айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини давом эттириб, юртимиз иқтисодий тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бугунги кунда, Олмазор туманида турли сабаблар билан молиявий жарима қўлланилган ва фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган 229 нафар тадбиркор ўз фаолиятини қайта тиклаган ва уларнинг 80 млрд.сўмдан зиёд солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПФ-5607-сонли Фармонига асосан солиқ қарзларини ҳисобдан чиқариш муддати жорий йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди. Шу боис бугунги кунда Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан вақтинча фаолият юритмай турган ёки қайта рўйхатдан ўтиб тадбиркорлигини давом эттириш эҳтимоли мавжуд солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилмоқда. Бундан ташқари, жойларга чиққан ҳолда фуқаролар билан учрашиб, фаолиятини қайта тиклаш бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

Маълумот учун айтиш жоизки, Тошкент шаҳрида олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган 1815 нафар фуқаронинг 219,7 млрд.сўм қатъий белгиланган солиқ ва молиявий жарима бўйича мавжуд қарзи ҳисобдан чиқарилди. Эндиликда, ушбу тадбиркорлар янги иш ўринлари яратиши ҳамда бюджет тушумларига ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.

Ҳурматли фуқаролар!

Жорий йилнинг 1 июлига қадар тадбиркорлик фаолиятингизни тикланг ва аввалги фаолиятингиз учун турли сабабларга кўра молиявий жарима қўлланилган бўлса, ҳисобдан чиқариб, тадбиркорликни давом эттиринг!

Тошкент шаҳар ДСБ Матбуот хизмати

ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here