Ўғри жазодан озод қилинди

0
123

Қўрғонтепа туманида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят судлари томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Қабул олдидан бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, суд тизимини ислоҳ қилиш, одил судловга эришиш даражасини, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Сайёр қабул давомида фуқароларнинг судларга тааллуқли 30 дан ортиқ мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат юзасидан муҳокама ўтказилиб, зарур тавсия, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

– Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади, – дейди Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди раиси Воҳиджон Назаров. – Шу боис, мурожаатларнинг бирортаси эътиборимиздан четда қолаётгани йўқ. Жумладан қабул давомида жиноят ишларига оид 16 та мурожаат эшитилиб, уларнинг 8 таси қаноатлантирилди, 8 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Қабул доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қўрғонтепа туманидаги халқ қабулхонасида Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси И. Эргашев раислигида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, бир неча жиноят иши кўриб чиқилди.

– 2018 йилнинг апрелида қорамол ўғирлаганим учун ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган эдим, – дейди Қўрғонтепа туманидаги “Буюк замин” маҳалласида яшовчи Икром Қаландаров. – Оилавий шароитим оғирлигини ҳисобга олиб, белгиланган жазодан озод этишни сўраб ёзган аризам бўйича менга оид жиноий иши кўриб чиқилди ва ижобий ҳал этилди. Менга имкон берилганидан миннатдорман.

Дарҳақиқат, И. Қаландаровнинг чин дилдан пушаймонлиги, ўтган даврда ўзини ижобий томондан кўрсатганлиги, қолаверса, биринчи марта судланганлиги инобатга олиниб, суд қарори билан у белгиланган жазодан муддатидан олдин озод этилди.

Сайёр қабул давомида 8 та мурожаат қаноатлантирилди, 21 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, мурожаат қилувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан суҳбатлар ўтказилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here