Кимлар муддатидан олдин пенсияга чиқиши мумкин?

0
107

Фуқаролар муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқиши учун Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимига зарур ҳужжатларга қўшимча равишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномасини тақдим этиши лозим.

Бу ҳақида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси матбуот хизмати ЎзАга хабар қилди.

Эркаклар иш стажи (камида) 25 йил бўлган тақдирда 58 ёшдан, аёллар иш стажи (камида) 20 йил бўлганда 53 ёшдан, яъни белгиланган ёшдан икки йил олдин ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига “ишсиз” деб эътироф этилганда эга бўлади. Ушбу тоифага технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар киради.

Фуқароларни ишсиз деб эътироф этиш “Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисида йўриқнома” билан тартибга солинади.

Унга асосан, Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ишсиз деб эътироф этилган ва муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга тақдимнома расмийлаштирилади ва 5 кун муддат ичида тегишли бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топширилади.

Бандликка кўмаклашиш маркази берган тақдимнома, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими томонидан муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинлашга асос бўлади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига асосан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади.

Фуқароларнинг муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасида ҳам мустаҳкамланган.

ЎзА

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmY6BMS3eSELqw

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here